Жиззахда «Жасорат мактаби»нинг тўртинчи мавсуми бошланди
Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш ҳамда касб-ҳунарга йўналтиришга қаратилган «Жасорат мактаби» ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинининг тўртинчи мавсумига старт берилди.
ТШу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Жиззах гарнизони қўмондонлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ҳарбий прокуратура вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда йиғин иштирокчилари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий-ахлоқий камолоти, жисмоний чиниқиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида тўхталди. Шунингдек, бундай ўқув йиғинларининг ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда масъулият, қатъият ва интизомни шакллантиришдаги аҳамияти таъкидланди.
— Ушбу ўқув йиғини йигитларнинг нафақат жисмоний ва жанговар шайлигини ошириш, балки уларда қатъият, интизом ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади, - дейди Жиззах гарнизони бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Улуғбек Файзиев. — Мавсум давомида ёшлар билан тизимли ва манзилли иш олиб борилади.
Ўқув йиғинига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ёшлар жалб этилган. Тасдиқланган дастурга мувофиқ, иштирокчилар учун бошланғич ҳарбий тайёргарлик, Қуролли Кучлар фаолияти билан яқиндан танишиш, фуқаролик масъулиятини ошириш ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга қаратилган назарий ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилади.
Шунингдек, йигитларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, дунёқарашини кенгайтириш ва жамоавий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш мақсадида маънавий-маърифий суҳбатлар, китобхонлик кечалари, спорт мусобақалари ҳамда маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-32668]
Мазкур ўқув йиғини ёшларнинг ҳаётий кўникмаларини ривожлантириш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, касб танлашига кўмаклашиш ҳамда Ватанга садоқат ва фуқаролик масъулияти туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА