Устозларга эҳтиром
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий давлат университети томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Унда университетнинг 800 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилари, ишчи-хизматчилари, фахрийлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Хўжаев, университет ректори Муҳиддин Калонов устоз ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, юртимизда таълим ва илм-фан тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг жамият тараққиёти ва ёш авлод камолотига қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳақида тўхталди.
– Бугун замонавий билимларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган ёшлар камолида устозларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва бу улуғ хизмати учун уларни қадрлаймиз, – дейди М.Калонов. – Юртимизнинг кейинги тараққиёти айнан таълим тизимига, хусусан, олий таълим муассасалари етиштираётган кадрлар сифатига боғлиқ. Сўнгги йилларда бу борада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва давом этмоқда. Янгидан-янги олий таълим муассасалари фаолият бошлади, таълим сифати ўзгарди. Бир вақтлар ўқитувчининг йўқотилган қадр-қиммати ва ҳурмати тикланди. Ҳар жабҳада таълим ва таълимнинг юраги бўлган устоз ва мураббийларга янги имкониятлар ва имтиёзлар эшиги очилмоқда. Улардан талаб қилинадигани фақат зиммасидаги бурчни шараф билан ўташ ва “Устоз” аталмиш табаррук номга муносиб бўлишдир.

Тадбир доирасида таълим сифатини ошириш, ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, университет ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ва ишчи-хизматчиларга ректорнинг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, “Ректор кубоги” спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчилар диплом ҳамда ваучерлар билан тақдирланди.





Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири