Таълимга сармоя – келажакка сармоя
Билим ва тарбияга йўналтирилган ҳар бир маблағ мамлакатнинг эртанги тараққиёти, халқ фаровонлиги ва янги авлод салоҳиятига киритилган сармоядир. Чунки бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи эртага жамият ҳаётининг турли жабҳаларида масъулиятни ўз зиммасига оладиган мутахассис, олим, муҳандис, шифокор, тадбиркор ёки раҳбар бўлиб етишади.
Шу маънода, мамлакат тараққиётини таълимдан айри тасаввур этиб бўлмайди. Янги Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг нуфузини ошириш, ёшларга сифатли билим олиши учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълими тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми ортиб, мактаблар ва боғчаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, педагогларни рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Энг муҳими, таълимга маблағ ажратиш тушунчаси инсон капиталига сармоя киритиш мазмуни билан бойиб бормоқда.
Ўқитувчи меҳнати қадрланмоқда
Таълим сифатини оширишда асосий куч, шубҳасиз, ўқитувчидир. Замонавий мактаб, янги технология ва замонавий жиҳозлар муҳим. Аммо уларни таълим натижасига айлантирадиган, ўқувчининг қалбига йўл топадиган инсон устоз. Шу боис педагогларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, жамиятдаги нуфузини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Педагог меҳнатини рағбатлантиришнинг турли шакллари, жумладан, “Йил ўқитувчиси” каби танловлар ўтказилиши, юқори натижа кўрсатган устозларнинг муносиб мукофотлар билан тақдирланиши ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодасидир. Жумладан, мазкур танлов ғолибларининг ҳар бирига 50 минг АҚШ долларига тенг миқдорда мукофот берилгани ўқитувчи меҳнатига муносабат тобора юксалаётганини кўрсатади.
Бу ерда гап фақат пул мукофотида эмас. Муҳими, жамиятда “яхши ўқитувчи бўлиш, натижа кўрсатиш, ўз устида ишлаш ва янгиликка интилиш қадрланади”, деган муҳит шаклланмоқда. Бундай муҳит эса таълим сифатига бевосита ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Таълимга эътибор республика миқёсидаги ислоҳотлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Ҳудудларда ҳам таълим натижаларини яхшилашга қаратилган янги ёндашувлар шаклланмоқда. Жиззах вилоятида умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларининг давлат олий таълим муассасаларига кириш натижаларини яхшилаш мақсадида таълим муассасалари ва педагогларни моддий рағбатлантиришнинг алоҳида тартиби белгилангани бунга яққол мисолдир.
Мазкур тизимда асосий мезон натижа. Яъни мактаб битирувчиларининг давлат олий таълим муассасаларига талаба сифатида қабул қилинганлик кўрсаткичи рағбатлантиришнинг муҳим омили сифатида белгиланган. Бу эса таълим муассасаларини шунчаки рақам ортидан қувишга эмас, аниқ ва ўлчанадиган натижага интилишга ундайди.
Жиззах вилоятида туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ўртасида таълим натижалари бўйича рейтинг шакллантирилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган битирувчилар улуши энг юқори бўлган учта туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимига 100 миллион сўмдан, “Энг яхши мактаблар”га 100 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Шунингдек, энг юқори натижага эришган 13 нафар синф раҳбарига 30 миллион сўмдан рағбат пули тўлаш белгиланган.
Қарийб 2 миллиард сўм маблағнинг рағбатлантиришга йўналтирилаётгани бежиз эмас. Зеро, таълим натижасининг ортида биргина ўқитувчи эмас, мактаб жамоаси, синф раҳбари, ота-она ва, албатта, ўқувчининг меҳнати туради. Шунинг учун мактаб, туман ва синф раҳбари даражасидаги рағбатлантиришлар бир-бирини тўлдириб, таълим тизимида масъулият ва рағбатни бир нуқтада бирлаштиради.
Имконият бор жойда натижа бор
Таълимдаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати сифатли билим олиш имкониятини ҳудудидан қатъи назар барча ўқувчилар учун кенгайтиришдир.

Жиззах вилоятининг тоғли ва олис ҳудудларида қатнаш қийин бўлган мактаблар учун микроавтобуслар ажратилгани ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Хусусан, олис ҳудудлардаги 16 та мактаб учун микроавтобуслар харид қилиниши ўқувчиларнинг таълим муассасасига хавфсиз ва ўз вақтида етиб боришини таъминлашга қаратилган.
Бир қараганда, бу оддий транспорт масаласидек туюлиши мумкин. Аслида эса унинг замирида катта мақсад бор. Боланинг мактабга мунтазам қатнаши, дарс қолдирмаслиги ва сифатли таълим олиши учун яратилган ҳар қандай шароит унинг келажагига дахл қилади. Узоқ қишлоқдаги бола билан шаҳардаги боланинг таълим олиш имконияти ўртасидаги фарқни камайтириш ҳам таълим ислоҳотларининг муҳим вазифасидир.
Ахир, ҳар бир ютуқ эътироф этилса, унга эргашадиганлар кўпаяди. Бир ўқувчининг ғалабаси бошқа ўнлаб ўқувчиларнинг орзусига айланади. Бир ўқитувчининг натижаси бошқа устозларни янги изланишларга ундайди. Бир мактабнинг муваффақияти эса бошқа мактаблар учун намуна бўлади.
Шунинг учун таълимдаги рақобатни ҳам бир-биридан устун келиш эмас, аввало, ўз натижасини кечагидан яхшилаш истаги сифатида тушуниш керак. Жиззах вилоятида йўлга қўйилаётган рағбатлантириш тизими ана шу соғлом интилишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Бугунги мактаб – эртанги Ўзбекистон
Бугун мамлакатимизда таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар, янги мактаблар, замонавий лабораториялар, рақамли технологиялар, педагогларни рағбатлантириш тизимлари ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чораларининг барчаси бир мақсадга– инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.
Зеро, табиий бойликлар чекланган бўлиши мумкин. Аммо билим ва салоҳиятга эга инсон янги имкониятларни яратади. У янги технологияни ўзлаштиради ва ихтиро қилади, корхона ташкил этади, янги иш ўринлари очади, илм-фан ривожига ҳисса қўшади. Демак, таълимга сарфланган ҳар бир маблағ келажакда инсон салоҳияти, иқтисодий тараққиёт ва жамият фаровонлиги кўринишида ўз самарасини беради.
Бугунги мактаб – эртанги Ўзбекистон. Бугун дарс бераётган ўқитувчи эртага юзлаб инсонларнинг тақдирига таъсир қилган устоз сифатида намоён бўлади. Бугун қурилаётган мактаб, харид қилинаётган автобус, ташкил этилаётган қўшимча машғулот, берилаётган мукофот – буларнинг ҳар бири келажак учун яратилаётган имкониятдир.

Жиззах вилоятида жорий этилаётган рағбатлантириш тизимида ҳам ана шу фалсафани кўриш мумкин. 1 миллиард 990 миллион сўмлик рағбат – ўқитувчи меҳнатига берилган баҳо, мактаб жамоасига билдирилган ишонч, юқори натижага интилаётган ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва таълим сифатини оширишга қаратилган амалий механизмдир. Энг муҳими, бу келажакка қилинган сармоя.
Зеро, таълимга сармоянинг энг катта дивиденди – билимли авлод. Билимли авлод эса мамлакатнинг энг катта бойлигидир. Бугун санаб ўтганларимиз ҳали хамир учидан патир, холос. Вилоятда таълимга, унинг моддий базасига, ўқитувчи меҳнатига ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бундай сармоялар кўлами тобора ортиб бормоқда.
Сарвар Назарқосимов,
Жиззах вилоят мактабгача ва
мактаб таълими бошқармаси бошлиғи.
ЎзА