Устозга бағишланган асар
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан ёшларга атаб чоп этилган “Муҳандис” маърифий романининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тақдимотда пойтахт ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, мутахассислар, факультет деканлари, ёш профессор-ўқитувчилар, докторантлар, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этишди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон қаламига мансуб ушбу асарга юртимизда миллий муҳандислик мактабини яратишга катта ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоби, академик Оқил Умрзоқович Салимовнинг ҳаёт йўли ва фаолияти асос қилиб олинган. Ушбу асар мамлакатимизда муҳандислик соҳасининг қарайб юз йиллик ривожланиш тарихини оддий халқ орасидан етишиб чиқиб, замонавий билимларга қизиққан, тиришқоқлиги ва зеҳнияти туфайли етук олим ва устоз бўлиб танилган юрт фарзанди мисолида акс эттиради. Романда мамлакат тараққиёти учун бугунги кунда янада долзарб аҳамият касб этган муҳандислик соҳасида, даврнинг илғор техникасини қўллаш ва такомиллаштириш борасида олиб борилган илмий изланишлар ва амалий фаолиятлар, мамлакатда миллий муҳандислар қатламининг шаклланиши жараёнидаги зиддиятлар, шунингдек, асар қаҳрамонининг мураккаб ҳаёт йўли ҳақида сўз юритилган.
Тадбирда Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов, Тошкент давлат техника университети ректори, академик Садриддин Туробжонов, Тошкент шаҳридаги Беларус-Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти ректори Азизбек Баҳодиров, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев сўзга чиқиб, китоб тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Ушбу асар етишиб келаётган ёш авлодга мамлакатда миллий муҳандислар тайёрлаш ва миллий ишлаб чиқариш корхоналари барпо қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, бу борада дуч келинган тўсиқлар, миллий мутахассислар тайёрлашда фидойилик ва жонбозлик кўрсатган устозлар, мамлакат тараққиёти учун ўта муҳим саналган ушбу соҳанинг бугунги кундаги тараққиёт истиқболлари ҳақида халқона тилда, ҳаётий мисоллар билан ҳикоя қилиб беради.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги томонидан мазкур асар асосида бадиий фильм суратга олиш учун қизиқиш билдирилганлиги маълум қилинди.
ЎзА