“Ўзатом” агентлиги делегацияси “Energoprom” халқаро форумида иштирок этди
Бугун Қозон шаҳрида “Energoprom” халқаро энергетика форуми тадбирлари ўтказилди.
Форумнинг расмий очилишида “Ўзатом” агентлиги делегацияси ҳам иштирок этиб, ихтисослаштирилган кўргазма экспозицияси билан яқиндан танишди. Шунингдек, “GOELRO 2.0: афсонанинг қайта тикланиши” мавзусидаги ялпи мажлис ҳамда МДҲ Электр энергетика кенгашининг 68-йиғилишида қатнашди.
Форум майдонида электр энергетикаси тармоғини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, инфратузилмани модернизация қилиш, технологик мустақилликни таъминлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашиш ва қўшма энергетика лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

МДҲ Электр энергетика кенгаши йиғилишида иштирокчилар ҳамдўстлик давлатлари энергия тизимларининг жорий ҳолати, ҳудудий мувофиқлаштиришни кучайтириш, энергия таъминоти ишончлилигини ошириш, янги генерация қувватларини интеграция қилиш ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда энергетика инфратузилмасини янгилаш, янги қувватларни ишга тушириш, тармоққа замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ва минтақавий энергетик шерикликни ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
“Ўзатом” агентлиги делегацияси ташриф давомида халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган учрашувларини давом эттирмоқда.
Агентлик ахборот хизматига кўра, “Energoprom” халқаро форуми энергетика соҳасидаги етакчи мулоқот майдонларидан бири ҳисобланади. У электр энергетикасини ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини ҳал этишга хизмат қилиб, Россия Федерациясининг 2050 йилгача мўлжалланган энергетика стратегиясини амалга оширишга кўмаклашади. 2026 йилдан бошлаб форумга федерал мақом берилган бўлиб, тадбир анъанавий равишда “Қозон экспо” мажмуасида ўтказилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА