Уруғлик чигитлар сифати назоратда
Юртимизда қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш, сифатли маҳсулот етиштириш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлашда уруғлик материалларининг сифати алоҳида аҳамият касб этади.
Шу боис, уруғлик чигитларни тайёрлаш, сақлаш ва уларнинг экишга яроқлилигини аниқлаш жараёнлари қатъий назорат асосида амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, республикада 2026 йил ҳосили учун тайёрланган ва хориждан импорт қилинган уруғлик чигитларнинг дориланиши ва сақланиши, шунингдек, уларнинг рақамли QR-кодли ёрлиқланиши ва экишга яроқлилик хулосалари берилиши “Ўзагроинспекция” мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

2026 йил ҳосили учун 19 минг 236 тонна маҳаллий уруғлик чигит тайёрланган. 2 минг 743 тонна ўтган йиллардан экишдан ортиб қолган хорижий ва 8 минг 501 тонна хориждан импорт қилинган уруғлик чигит тўдалари бўйича буюртмачилар аризалари асосида сақлаш жойларига чиққан ҳолда намуналар танлаб олинган.
Олинган намуналар Ўзбекистон DSt 663:2017 давлат стандарти талаблари асосида экишга яроқлилик сифат кўрсаткичлари бўйича синовдан ўтказилган. Уруғликларга рақамли QR кодли ёрлиқ бериш ҳамда синов жараёнлари шаффофлик, холислик ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида амалга оширилган.

Синов натижаларига кўра, 21 минг 717 тонна уруғлик чигит тўдалари экиш учун яроқли деб топилиб, тегишли хулосалар буюртмачиларга agrosert.uz ахборот тизими орқали ўз вақтида тақдим этилмоқда. 1 минг 6 тонна уруғлик чигит тўдалари экиш учун яроқсиз деб топилиб, номутаносиблик ҳақидаги таҳлил натижалари ва хабарномалар тегишли тартибда етказилган. Қолган 7 минг 757 тонна уруғлик чигит намуналарида экишга яроқлилик синовлари ҳозирда ҳам давом этмоқда.

Мамлакатимизда уруғлик чигитлар сифатини назорат қилиш тизими орқали деҳқонларга ишончли ва сифатли маҳсулот етказиб бериш таъминланмоқда. Бу эса, ўз навбатида 2026 йил ҳосили барқарорлигини таъминлаш ва етиштириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА