Тиббий таълимда назария ва амалиёт уйғунлиги
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 12–13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, замонавий усулларни жорий этиш, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш ва таълим жараёнига халқаро стандартларни татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.Мазкур вазифалар ижроси доирасида 2023 йил 1 сентябрда Фарғона шаҳридаги 2-сон шаҳар шифохонаси негизида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг кўп тармоқли клиникаси ташкил этилди.
2025 йил давомида институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 50 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти клиникаси – Smart AI шифохонага трансформация қилинди ҳамда замонавий рақамли тиббиётнинг комплекс модели сифатида фаолиятини бошлади.
Клиниканинг “Умумий терапия”, “Умумий хирургия”, “Анестезиология ва реанимация”, “Қабул-диагностика”, “Физиотерапия” бўлимлари мавжуд бўлиб, барча қулайликлар яратилган. Беморларнинг мурожаатидан даволанишгача босқичлар тўлиқ рақамлаштирилган ягона экотизим асосида ташкил этилган. Республикада сунъий интеллект технологиялари билан жиҳозланган биринчи комплекс smart клиникалардан биридир.
Мазкур тизим 5 та мустақил AI шифокор модулларидан иборат ва ҳар бири турли алгоритмик ёндашувлар (machine learning, deep learning, клиник қарор қабул қилиш алгоритмлари) асосида таҳлил олиб боради. Якуний ташхис ушбу AI хулосаларининг консенсус модели орқали шакллантиради. Бу ёндашув далилларга асосланган тиббиёт (evidence-based medicine) тамойилларини амалиётга чуқур интеграция қилишга хизмат қилади.
Smart шифохона базасида Италия билан халқаро ҳамкорлик доирасида олий ҳамширалик иши йўналиши талабаларини тайёрлаш бўйича инновацион ўқув-амалий марказ ташкил этилган. Мазкур марказда ҳамширалик фаолиятининг замонавий компетенциялари – клиник қарор қабул қилиш, бемор парвариши алгоритмлари, симуляцион тренинглар ва рақамли мониторинг тизимлари билан ишлаш кўникмалари шакллантирилади.
Таълим жараёни Европа стандартлари (EU nursing competence framework) асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда дуал таълим модели қўлланилади: талабалар назарий билимларни тўғридан-тўғри клиник муҳитда амалиёт билан интеграциялашган ҳолда ўзлаштиради. Бу эса юқори малакали, рақамли тиббиёт шароитида ишлай оладиган янги авлод ҳамшираларини тайёрлашга хизмат қилади.
Реанимация ва операция блоклари замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Хусусан, дефибрилляторлар, кардиомониторлар, инфузион насослар, сунъий нафас олдириш аппаратлари, лапароскопик операциялар учун эндоскопик тўпламлар, стерилизация ва дезинфекция ускуналари, УЗИ ва рентген аппаратлари ҳамда турли йўналишлар бўйича замонавий хирургик асбоблар ўрнатилган.
Шунингдек, ортопедия, урология ва гинекология соҳалари учун кўп функцияли юқори технологияли жарроҳлик платформалари жорий этилган.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари ишини енгиллаштириш мақсадида ақлли хизмат роботлари йўлга қўйилган. Улар дори воситалари ва тиббий буюмларни контактсиз етказиб бериш, шунингдек, биноларда автоматик стерилизация жараёнларини амалга ошириш орқали гигиена ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Клиника шифокорларининг 20 нафари Корея, Туркия, Ҳиндистон ва Россия давлатларининг етакчи тиббиёт марказларида малака ошириш ва стажировка дастурларида иштирок этиб, халқаро тажриба асосида ўз касбий компетенцияларини сезиларли даражада ривожлантирган.
Шунингдек, клиника ҳудудида ташкил этилган эко-боғда 30 турдаги манзарали дарахтлардан иборат 2000 дан ортиқ яшил плантациялар мавжуд. Мазкур эко-муҳит терапевтик ландшафт концепциясига асосланиб, беморларнинг психоэмоционал ҳолатини яхшилаш, стресс даражасини камайтириш ва реабилитация жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.
[gallery-28416]
Қолаверса, клиника 5 минг нусхадан ортиқ илмий-адабий фондга эга кутубхонаси билан ҳам ажралиб туради. Унда тиббиёт, клиник фанлар, сунъий интеллект, биотиббиёт технологиялари ва соғлиқни сақлаш бошқаруви йўналишларига оид кенг қамровли адабиётлар жамланган.
Бугун мазкур клиниканинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, улар инсон қадрини улуғлаш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва сифатини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Муҳаммаджон Обидов,
Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА