Урганчда қумдан иссиқлик энергияси олинади
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Иссиқликтаъминоти” АЖ ҳамда Финляндиянинг “Oneworld Solutions Ltd” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишув иссиқлик таъминоти соҳасида замонавий ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида янги инфратузилма яратишга қаратилган.
Меморандумга мувофиқ, Урганч шаҳридаги 19-сонли иссиқлик марказини модернизация қилиш лойиҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Лойиҳа доирасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 50 миллион евро миқдорида инвестиция жалб қилиниши режалаштирилмоқда.
Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳада маҳаллий хомашё — Амударё ҳамда чўл ҳудудларидаги қумдан фойдаланган ҳолда иссиқлик энергиясини узоқ муддат сақлаш имконини берувчи инновацион қум батареяси технологиясини жорий этиш назарда тутилган. Ушбу технология орқали ишлаб чиқарилган иссиқлик энергиясини самарали захиралаш ва истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш имконияти яратилади.
Мазкур лойиҳа тўлиқ газсиз ишлайдиган, марказлашган ва хавфсиз иссиқлик таъминоти тизимини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, у энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш ҳамда соҳада замонавий инновацияларни кенг жорий этишга замин яратади.
Мутахассислар фикрича, қум батареяси технологияси келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилиши мумкин бўлган истиқболли ечимлардан бири ҳисобланади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА