Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди
Марказий банк Бошқарувининг 17 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Марказий банк маълумотига кўра, май ойида йиллик инфляция даражаси 5,5 фоизни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич прогноз доирасида шаклланган. Сўнгги ойларда инфляциянинг сезиларли пасайиши асосан ўтган йили энергия ресурслари тарифлари оширилиши таъсирининг юқори база самараси тугаши билан изоҳланмоқда.
Шу билан бирга, барқарор инфляция кўрсаткичлари деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Жумладан, базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этди. Хизматлар соҳасида инфляция суръатлари секинлашаётган бўлса-да, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши тезлашгани қайд этилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясини сақлаб қолмоқда. Шунингдек, молия сектори экспертларининг узоқ муддатли инфляция бўйича прогнозлари ҳам яхшиланган.
Марказий банк иқтисодий фаоллик юқори суръатларда давом этаётганини таъкидлади. Чакана савдо, хизмат кўрсатиш, туризм ва инвестициялар соҳасидаги ижобий ўсиш кўрсаткичлари иқтисодиётда жами талабнинг барқарорлигидан далолат бермоқда. Бюджет харажатларининг фаоллашуви эса келгуси чоракларда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
Регуляторнинг баҳолашича, жорий йил июнь ойида энергия ресурслари тарифларининг оширилиши инфляцияга қисқа муддатли таъсир кўрсатиши мумкин. Бевосита таъсирдан ташқари, транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши орқали иккиламчи инфляцион босимлар ҳам юзага келиши эҳтимоли мавжуд.
Марказий банк 2026 йил якуни бўйича инфляция прогнозини 6,5 фоиз атрофида сақлаб қолди. Иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича прогноз ҳам ўзгаришсиз қолиб, 7–7,5 фоиз даражасида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларининг сақланиши аҳоли ва бизнес субъектларининг жамғариш фаоллигини рағбатлантириш, кредитлашнинг мувозанатли ўсишини таъминлаш ҳамда инфляцион босимларни чеклашга хизмат қилмоқда.
Марказий банк ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолаётганини таъкидлади. Жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги, логистика харажатларининг ўсиши ҳамда халқаро молия бозорларидаги қатъий пул-кредит сиёсати ташқи инфляцион босимларни кучайтирувчи омиллар сифатида баҳоланмоқда.
Регулятор келгусида инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиши, тарифлар ошишининг иккиламчи таъсирлари чекланиши ва базавий инфляцияда ижобий динамика кузатилиши ҳолатида пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатиш имконияти юзага келиши мумкинлигини маълум қилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА