Умумтаълим мактабларида мактаб маслаҳатчиси институти жорий этилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимиз умумтаълим мактабларида янги – мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилмоқда.
Ушбу ташаббус ёш авлодни ҳар томонлама ривожлантириш, уларда етакчилик, ташаббускорлик ва ижтимоий фаоллик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади.
Айни кунларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мазкур лавозим учун рўйхатдан ўтган номзодлар ўртасида танлов жараёнлари бошланди.

Навоий вилоятида ҳам мавжуд 367 та умумтаълим мактабининг 76 тасида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши белгиланган бўлиб, ушбу мактаблар учун 360 нафардан ортиқ педагог номзод сифатида тест жараёнларида қатнашди.
Тест синовлари 30 та саволдан иборат бўлиб, юқори натижа кўрсатган талабгорлар танловнинг навбатдаги босқичи – суҳбат жараёнига тавсия этилади.

Мактaб маслаҳатчиси лавозими ўқувчиларнинг иқтидори ва қизиқишларини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда мактабдан ташқари фаолиятни тизимли йўлга қўйишда муҳим ўрин тутади. Хусусан, маслаҳатчилар томонидан “Келажак” марказлари тўгараклари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқувчиларни тарихий обидалар, маданий ёдгорликлар ва миллий қадриятлар билан таништириш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, турли лойиҳалар, клублар ва дебатлар орқали ўқувчиларда етакчилик ва ташаббускорлик кўникмалари шакллантирилади, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ҳамда экологик йўналишдаги тадбирлар ташкил этилади. Бу эса ўқувчиларнинг жамоада ишлаш қобилиятини ошириш билан биргаликда уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА