Дорихоналарда “қўшимча нарх”лар фош этилди
Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларига белгиланган чекланган савдо устамаларини асоссиз равишда ошириш ҳолатлари аниқланди. Мазкур қоидабузарликлар Солиқ органлари орқали фош этилиб, Қўмитанинг “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали назоратга олинмоқда.
2025-2026 йиллар давомида ушбу тизимга келиб тушган хабарлар асосида 991 та дорихонада (152 та улгуржи ва 839 та чакана) жами 414 мингдан ортиқ ҳолатда қонунбузарлик қайд этилди. Натижада, 8,5 млрд. сўм миқдорида асоссиз даромад олингани аниқланиб, маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, лицензия талабларини бузган корхоналар бўйича тегишли ҳужжатлар Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тақдим этилди.
Қайд этилишича, қатор дори тарқатувчи ташкилотлар: “FARM EFFEKT”, “PHARMA BREND”, “GIPOFIZ FARM”, “MAXSUDBEK BIZNES”, “THE GREAT FARM” ва “MEDEX GROUP PHARM” корхоналарининг лицензиялари нархларни сунъий оширгани учун бекор қилинган.
Рақобат қўмитаси ушбу йўналишда назоратни янада кучайтириб, қонунбузарликка йўл қўйган дорихоналарга нисбатан қатъий чоралар кўриш ва улар рўйхатини очиқ эълон қилиб боришини маълум қилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА