Умумтаълим мактабида ҳунармандчилик сайли
Сирдарё туманидаги 27-умумтаълим мактабида ёшларнинг бадиий дидини шакллантириш, миллий ва замонавий санъатга қизиқишини кучайтириш ҳамда ижодий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида “Ҳунармандчилик сайли” ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Сирдарё тумани 27 - умумий ўрта таълим мактаби ҳамкорлигида ўтказилиб, ўқувчиларни миллий ҳунармандчилик анъаналарига янада яқинлаштиришни мақсад қилди.
Сайл давомида ўқувчилар ўз қўл меҳнати билан яратган ижодий ишларини кенг жамоатчиликка намойиш этдилар. Кўргазмада каштачилик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, миллий нақшлар асосида тайёрланган буюмлар ҳамда турли декоратив санъат намуналари ўрин олди. Ҳар бир ишда ўқувчиларнинг меҳнати, изланиши ва миллий қадриятларга бўлган ҳурмати яққол акс этди.
– Бундай тадбирлар ўқувчиларимизнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда касб-ҳунарга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир ўқувчидаги истеъдодни аниқлаш ва уни ривожлантириш мактабимиздаги таълим-тарбия жараёнининг асосий йўналишларидан биридир, – дейди мактаб директори Икромжон Шоимов.
[gallery-28979]
Тадбир доирасида саҳнавий чиқишлар ҳам ташкил этилиб, ўқувчилар миллий урф-одатлар, анъанавий ҳунармандчилик жараёнлари ва халқ оғзаки ижодиётини акс эттирувчи композициялар намойиш этдилар. Шунингдек, қадимий меросимизни ёдга солувчи арқон тортиш, тош кўтариш каби спорт ўйинлари, пазандачилик, тикувчилик, бичувчилик ҳамда ҳунармандчиликка оид кўргазма ва танловлар ҳам ўтказилди.
Тадбирда педагоглар жамоаси, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар ва фахрий ўқитувчилар иштирок этиб, ўқувчиларнинг ижодий ишлари ва иқтидорини баҳоладилар.
– Ҳунармандчилик кўргазмасида иштирок этиб, фарзандларимизнинг нафақат билим, балки ҳунармандчилик ва спорт соҳасидаги иқтидорини кўриб, жуда қувондим. Бундан 50–60 йил олдин биз мактабда ўқиган даврларда бундай имкониятлар йўқ эди.Бугун эса фарзандларимиз учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, шукрона қиламиз, – дейди Ўсарқул бобо.
Таъкидланишича, бундай тадбирлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА