Кўкрак сути — бебаҳо хазина
Дунёда фарзанд учун она сутидан бебаҳо неъмат йўқ. Унинг ўрнини ҳеч қандай сунъий озуқа тўлиқ боса олмайди. Она сути гўдак саломатлигини сақлаш ва унинг баркамол ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бироқ сўнгги вақтларда айрим ёш оналар томонидан сунъий ичимликларга устуворлик бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, улар маълум даражада фойдали бўлиши мумкин, аммо она сутининг ўрнини ҳеч бир маҳсулот алмаштира олмайди. Бу илмий тадқиқотлар билан ҳам тасдиқланган. Шу боис мазкур йўналишдаги тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 24-сонли оилавий поликлиникада ўтказилган навбатдаги семинарнинг асосий мавзуси ҳам гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш масалаларига қаратилди. Тадбирда оилавий поликлиника шифокорлари, патронаж ҳамшира ва доялар, хотин-қизлар фаоллари ҳамда ёш оналар иштирок этдилар. Асосий эътибор гўдаклар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ўртасида тўғри овқатлантириш маданиятини шакллантириш ҳамда илмий асосланган тавсияларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига қаратилди.

Мутахассислар томонидан чақалоқ ҳаётининг илк ойларида тўғри овқатлантиришнинг ҳал қилувчи аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 6 ойгача болани фақат она сути билан озиқлантириш унинг иммунитетини мустаҳкамлаш, касалликларга чидамлилигини ошириш ва баркамол ривожланишини таъминлашда энг муҳим омил экани таъкидланди.
Семинар давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 сентябрдаги “Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар — она сути билан озиқлантиришни кенг тарғиб қилиш, сунъий овқатлантиришни чеклаш, тиббиёт ходимлари масъулиятини ошириш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
– Айрим ёш оналарда сунъий овқатлантиришга мойиллик кузатилмоқда, – деди 24-сонли оилавий поликлиника мудири Салтанат Каримова. – Бироқ олиб борилаётган тушунтириш ишлари шуни кўрсатмоқдаки, она сути бола учун энг табиий, хавфсиз ва тўлақонли озуқа ҳисобланади. У нафақат иммунитетни мустаҳкамлайди, балки кўплаб касалликларнинг олдини олади. Шу боис бу йўналишдаги тарғибот ишлари янада кучайтирилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори соғлом авлод тарбияси, демографик барқарорлик ва тиббий маданиятни юксалтиришда муҳим ҳуқуқий ҳамда амалий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидладилар. Шунингдек, бундай ўқув-амалий семинарларнинг мунтазам ташкил этилиши қарор ижроси самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
– Тўғриси, она сути болани кўплаб хавфли касалликлардан ҳимоя қилувчи илк “вакцина” ҳисобланади, – деди Салтанат Каримова. – Бироқ дунё бўйича олти ойгача болани фақат она сути билан озиқлантириш кўрсаткичи атиги 48 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса қониқарли ҳолат эмас, албатта. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор: айрим ҳолларда гўзалликка оид нотўғри тушунчалар, бошқаларида эса муддатидан олдинги ҳомиладорлик ҳолатлари.
Семинарда оналар ва оилалар билан тушунтириш ишларини кучайтириш, эмизикли аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда она-бола ўртасидаги узилишларнинг олдини олиш зарурлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири