Умарали Раҳмоналиев «Сабаҳ»нинг тарихий ғалабасига ҳисса қўшди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Умарали Раҳмоналиев ўйнаётган Озарбайжоннинг «Сабаҳ» клуби ўз тарихида илк бор УЕФА Чемпионлар лигасининг асосий босқичига йўл олди.
Боку шаҳрида ўтказилган плей-офф босқичининг жавоб учрашувида «Сабаҳ» Исроилнинг «Хапоэль» жамоасини қўшимча таймларда 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Биринчи учрашувдаги 1:2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Озарбайжон клуби икки ўйин натижасига кўра 6:4 ҳисобида устун келиб, Чемпионлар лигасининг асосий босқичига йўл олди.
Ушбу жамоаларниг жавоб учрашуви жуда драматик руҳда ўтди. Баҳснинг 10-дақиқасида Игор Златанович гол уриб, «Хапоэль»ни олдинга олиб чиққан бўлса, 38-дақиқада Кристиан Нвачукву ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимнинг 61-дақиқасига келиб Гай Мизрахи исроилликларни яна олдинга олиб чиқди. Учрашувнинг муҳим воқеаларидан бири 74-дақиқада юз берди. Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Умарали Раҳмоналиев мезбонларнинг иккинчи голига муаллифлик қилиб, ҳисобни тенглаштирди.
Ўйиннинг асосий вақтидаги тўхталишлар учун қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар бор эътиборини ҳужумга қаратди. Натижада 90+4-дақиқада Теллур Муталлимов «Сабаҳ»нинг учинчи голини киритди — 3:2. Бу эса умумий ҳисоб тенглашишига олиб келди ва жамоалар қўшимча таймларга йўл олди. Унда 101-дақиқада Орфе Патрик Мбина ва 115-дақиқада Джой-Ланс Миккельс гол уриб, «Сабаҳ»нинг 5:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, «Сабаҳ» тарихий йўлланмага эга чиқди. «Хапоэль» Европа лигаси асосий босқичида иштирок этадиган бўлди.
Маълумот учун, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи учун қуръа 27 август куни Монакода ўтказилади. Мусобақанинг умумий босқичи 8 сентябрдан старт олиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА