Улуғбек полвон яна Осиёда тенгсиз
Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда. Эркин ва қизлар кураши баҳсларининг дастлабки икки кунида юртимиз вакиллари 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза, жами 7 та медални қўлга киритди.
Таиланднинг Паттайя шаҳрида спорт курашлари бўйича U20 ёш тоифасидаги Осиё чемпионати қизғин баҳслар билан давом этмоқда.
Эркин кураш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига бир олтин ва бир бронза медали ёзилди. -57 килограмм вазн тоифасида Улуғбек Рашидов финалда япониялик Рикуто Нагаини мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлди. -65 килограммда эса Санжарбек Анварбеков бронза медалини қўлга киритди.
Маълумот учун, чемпионатнинг аёллар кураши беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлди. Мусобақа давомида 65 килограммгача вазн тоифасида Муҳайё Нарзиллоева олтин медалга сазовор бўлган бўлса, -50 килограммда Шоҳиста Шоназарова кумуш медалга эга чиқди. Бронза медаллари эса Феруза Қайратдинова, Муҳайё Раҳимжонова ҳамда Севинчой Полвонова ҳисобига ёзилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА