Улкан орзулар билан билимлар олами сари
Мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида янги 2026/2027 ўқув йили муносабати билан «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилди.
Бу йилги тадбирлар Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига ҳамоҳанг тарзда нишонлангани билан аҳамиятли бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қарорига мувофиқ, янги ўқув йилининг илк куни анъанавий тарзда байрамона кутиб олинди.
Республика бўйлаб умумтаълим мактабларида миллий ғоя ва ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган тантанали йиғилишлар ташкил этилди. Жорий ўқув йилида мамлакатимиз мактабларига жами 6,7 миллион нафардан ортиқ ўқувчи қадам қўйди. Уларнинг 795 минг нафардан зиёдини ҳаётида илк бор мактаб остонасидан хатлаган биринчи синф ўқувчилари ташкил этади.
«Биринчи қўнғироқ» тадбирларини хавфсиз ва юқори савияда ўтказиш мақсадида асосий эътибор 1- ва 11-синф ўқувчилари иштирокига қаратилди.
Байрам давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Эзгу ва самимий тилакларга йўғрилган ушбу қутлов юртимиз ўғил-қизлари, ота-оналар ва педагогларда катта таассурот қолдирди.

Мактаб остонасига илк бор қадам қўйган ҳар бир 1-синф ўқувчисига анъанавий тарзда 12 турдаги ўқув қуроллари ҳамда мактаб сумкасидан иборат «Президент совғаси» тантанали равишда топширилди.
Илк қўнғироқ чалингач, барча синфларда дастлабки дарслар бошланди. Таълим муассасаларида биринчи дарс сифатида «Келажак соати» машғулотлари ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, мактаблар янги ўқув йилига қадар таъмирланиб, замонавий ахборот технологиялари ва янги дарсликлар билан таъминланди. Тадбирлар ва ўқув жараёнида ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жалб этилди.
Шу тариқа, юртимиз умумтаълим мактабларида «Биринчи қўнғироқ» жаранглаб, миллионлаб ўқувчилар учун катта орзулар ва янги билимлар сари йўл очилди.
Н.Усмонова, ЎзА