Маҳаллада аҳолини камбағалликдан чиқариш борасидаги чора-тадбирлар ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хўжаева Қибрай туманидаги маҳаллаларда ўрганишлар олиб борди. Хусусан, “Алишер Навоий” МФЙдаги ўрганишлари давомида маҳалла еттилиги вакиллари билан учрашиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда маҳаллада аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Маълум қилинганидек, “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудида 3 минг 662 нафар фуқаро истиқомат қилади. Жами 662 та хонадон бўлиб, уларда 1 минг 12 та оила яшайди. Маҳаллада аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кам таъминланган оилалар сони 15 тагача қисқартирилган. Бугунги кунда камбағаллик чегарасида 3 та оила қолаётгани айтиб ўтилди.
Маҳалла масъул ходимлари томонидан фуқароларни доимий иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, турли касб-ҳунарларга ўқитиш ва меҳнат фаолиятига йўналтириш орқали оилаларнинг даромад манбаларини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Депутат ўрганиш давомида маҳалладаги тадбиркорлик субъектининг фаолияти, яратилган шароитлар ва тадбиркорлар учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолати билан ҳам яқиндан танишди. Тадбиркорларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари тингланди.
М.Комилова, ЎзА