Учқўрғонда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси иштирокида 477 нафар ёшга экин ерлари ажратиб берилди
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг январь ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга ер майдонларини ажратиб бериш юзасидан топшириқлар юклатилган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Наманган вилоятининг барча туманларида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш мақсадида ер майдонлари ажратиб берилмоқда.

Хусусан, Учқўрғон туманида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси Омонжон Мусаев, туман ҳокими Азимжон Ваҳобов бошчилигидаги сектор раҳбарлари иштирокида 11 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ёшлар дафтари”га кирган, деҳқончилик қилиш истагини билдириб, мурожаат қилган 477 нафар ўғил-қизнинг барчасига “Ҳар бир ёшга томорқа” лойиҳаси доирасида 20 сотихдан жами 95,4 гектар экин ер майдони фойдаланиш учун тақсимлаб берилди.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси Омонжон Мусаев ёшларга ажратиб берилган мазкур ерларга бозор талабларига мос ҳолдаги бир хил маҳсулотларни экиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Туман ҳокими Азимжон Вахобов тадбир давомида фуқароларга баҳорги ободонлаштириш ишларига киришиб, томорқалардан оқилона фойдаланиш кераклигини таъкидлаб, шу ернинг ўзида ҳар бир ёшга ер ажратиш бўйича туман ҳокимининг махсус сертификатларини топширди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА