ОҚЛОВ ҲУКМЛАРИ: 161 нафар қатағон қурбонининг номи оқланди (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Олий судида бир гуруҳ ватандошларимизни оқлаш юзасидан ҳукмлар эълон қилинди.
Бу оддий оқлов эмас, балки мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган аждодларимиз пок номини тиклашга қаратилган хайрли иш.
Айтиб ўтиш керакки, ҳаётда инсон учун ноҳақ айбланиш, айбсиз айбдор бўлишдан оғири йўқ. Айниқса, ноҳақлик ортидан ҳаётига нуқта қўйилган одамларга янада қийин. Чунки улар ўз номини оқлаш учун курашишга қодир эмас.
Кеч бўлсада уларнинг номлари оқланаётгани эса тарихий адолатни тиклаш йўлидаги муҳим қадамлардан.
Олий судда мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган бир гуруҳ шахсларга оид жиноят ишлари юзасидан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари келтирган кассация протестлари Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Олий суд раисининг биринчи ўринбсари Алишер Усмонов раислик қилган очиқ суд мажлисларида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан 8 жиноят иши кўриб чиқилди. Суд жараёнлари давомида 161 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.
– Бобом Турғунбой Абдуллаев Фарғона вилояти Фарғона уездида ўтган асрнинг 20-йилларида мингбоши лавозимида ишлаган, - дейди Розиқжон Турғунов. – Отам раҳматлининг айтиб беришича, бобом ҳибсхонага олиб кетилган ва уч кун ичида қатл этилган. Йиллар мобайнида биз учун қоронғулигича қолган бу воқелик учун изтироб чекиб яшадик. Ҳозирги кунга келиб ўша пайтда юз берган ноҳақликларга барҳам берилиб, аждодларимиз номлари оқланаётганидан беҳад мамнунмиз. Бу ишларга бош-қош бўлаётганларнинг барчасидан миннатдормиз.
Мамлакатимизда кенг кўламли оқлов ҳукмлари эълон қилинишига Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани кенг йўл очди.
Маълумки, фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган.
Ишчи гуруҳга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Улар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари доирасида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Олий судда ҳам қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузилган.
– Президентимиз томонидан мустабид тизимдан қолган асоратлардан халос бўлиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда, - деди Олий суд судьяси Илҳом Раҳмонқулов. – Оқлов ҳукмларининг қабул қилиниши шулар жумласидан. Бу шунчаки қоғозларда амалга ошаётган процессуал ёки юридик жараён эмас, балки миллатнинг ўзлигини англашидир. Бу миллатнинг уйғониши, ўз тарихини пок тутиб, келажакка ишончи барқарор бўлган халқнинг азму қароридир.
Айтиб ўтиш керакки, Олий судга келиб тушган Туркфронтнинг Фарғона қўшинлар гуруҳи ҳарбий кенгаши қошидаги Фарғона махсус бўлими ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик кенгашининг 1920-1934 йиллардаги қарорларига кўра босмачилик ҳаракатларига моддий ёрдам беришда, қуролли тўда тузишда, совет ҳокимиятига қарши қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий ҳаракатни амалга оширганликда айбланган бир гуруҳ ватандошларимизга оид жиноят ишлари ҳам ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган.
Ишчи гуруҳларнинг изчил фаолияти туфайли кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1 минг 236 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
Шу тариқа адолат қарор топиб, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилмоқда.
Юрт мустақиллиги, миллат ғурури учун курашиш йўлида ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yXu5Mv6BHDo" title="OQLOV HUKMLARI: 161 nafar qatag‘on qurbonining nomi oqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео), Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА