Учинчи “Navro’z Regata” халқаро фестивали ўтказилди
Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” халқаро туристик марказида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя остида анъанавий тарзда учинчи бор ташкил этилаётган “Navro’z Regata” халқаро фестивали ўтказилди. Тадбир Самарқанд халқаро технология университети ташаббуси билан Хитой Халқ Республикасининг Шимоли-Шарқий энергетика университети, “Silk Road Samarkand” маркази ҳамда “STEKLOPLASTIK” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестивалнинг энг интизорлик билан кутилган қисми — мажмуа сув ҳавзасида “Dragon boat” (Аждар-қайиқлар) қайиқларининг тантанали сузиши бўлди. Ушбу спорт тури ва қадимий анъаналарнинг уйғунлашуви нафақат юртдошларимизда, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Сув юзасидаги шиддатли ҳаракатлар ва жамоавий жипслик баҳорнинг жўшқин энергиясини намойиш этди.

Байрам сайли давомида ўзбек, хитой ва корейс халқларининг анъанавий ўйинлари ва мусобақалари, театрлаштирилган томошалар, варраклар шоуси ўтказилди.
Сумалак ва палов тайёрлаш жараёнлари ташкил этилиб, меҳмонлар шарқона таомлардан баҳраманд бўлишди.

Наврўз 2009 йилда ЮНEСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган ва 2010 йилда БМТ томонидан 21 март “Халқаро Наврўз куни” деб эълон қилинган.


Учинчи бор анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу лойиҳа нафақат спорт ва кўнгилочар дастур, балки миллатлараро дўстлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим майдонга айланди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА