“Уч авлод учрашуви” — тажриба, маънавият ва келажакни боғлаган мулоқот
Ховос туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий анжумани нафақат бир учрашув, балки авлодлар давомийлиги, устозга эҳтиром, Ватанга садоқат ва маънавий мероснинг ўзига хос намоёнига айланди. Унда юрт равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган нуронийлар, турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган ўрта авлод ва эртанги кун эгалари бўлган ёшлар бир даврада жам бўлишди.
Мактаб ҳовлисига кирган ҳар бир меҳмонни ўзига хос илиқ муҳит қарши олди. Кириш қисмида саф тортган “Жасорат” синфи ўқувчилари собиқ битирувчиларни қўлларида гуллар билан кутиб олишди. Йўлакларда ўқувчиларнинг ижодий ишлари, спортчилар ютуқлари ва рассом ёшлар кўргазмалари намойиш этилди. Мусиқа тўгараги аъзолари ижросидаги миллий куйлар эса йиғинга алоҳида руҳ бағишлади.
Анжуманнинг энг улуғ меҳмонларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бўлди. Унинг ўзи таҳсил олган мактабга ташрифи нафақат устозлар, балки ёшлар учун ҳам катта ҳаяжон ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов мамлакатимиз ҳуқуқий тизимининг шаклланиши, Конституция устуворлигини таъминлаш ва қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш йўлида муносиб ҳисса қўшган етук ҳуқуқшунослардан бири сифатида алоҳида эътироф этилади. 1952 йилда туғилган ҳуқуқшунос олим Тошкент давлат университетини тамомлаган бўлиб, юридик фанлар номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист ҳисобланади. У Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори билан 10 йил муддатга Конституциявий суд судьяси этиб сайланган ва 2021 йилдан буён мазкур лавозимда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Учрашувда сўзга чиққан Мирзо-Улуғбек Абдусаломов мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ёшларга кенг имконият яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. У ҳар бир инсоннинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, айниқса ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш бугунги куннинг устувор вазифаси эканини қайд этди.

– Ҳар қандай соҳада катта ютуқларга эришиш учун инсонда аввало ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва ўз устида ишлашга бўлган интилиш бўлиши керак. Ёшлар китоб билан дўст бўлса, илм ва маънавиятга таянса, келажак албатта ёруғ бўлади, – деди ҳуқуқшунос олим.
Мулоқотда мактабнинг 1969 йилги битирувчилари, меҳнат фахрийлари ва нуронийлар ҳам иштирок этишиб, ўз ҳаёт йўли ва тажрибалари ҳақида самимий фикрлар билдиришди. Улар ёшликдаги машаққатли йиллар, меҳнат тарбияси, устозларга ҳурмат ва Ватанга садоқат инсон камолотида ҳал қилувчи аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Қолаверса, тадбирда сўзга чиққанлар Конституциянинг жамият ҳаётидаги ўрни, қонун устуворлиги ҳамда ёшларни ҳуқуқий маданият руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, ёшларни юксак маънавият, фуқаролик масъулияти ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Маърифий кечанинг бадиий қисми ҳам қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган Ватан ҳақидаги қўшиқлар, миллий рақслар ва саҳна кўринишлари йиғин кайфиятини янада кўтарди. Ўрта авлоднинг муносиб вакили, халқаро Робиндранат Тагор мукофоти совриндори, таниқли шоир Муҳаммад Исмоил Ватан, инсон қадри ва маънавият мавзусидаги шеърларидан ўқиб берди. Шоирнинг шеърларини ёддан ўқиган ўқувчиларга унинг “Бошимдаги тожим онам” китоби совға қилинди.

Шунингдек, тадбирда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Зулҳаё Мингбоева ҳам қатнашиб, ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди. Унинг ижодидаги меҳр, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғулари йиғилганларда катта таассурот уйғотди.
Анжуманнинг яна бир қисми эса “очиқ мулоқот” бўлди. Ёшлар меҳмонларга ҳаётда муваффақиятга эришиш, вақтни тўғри тақсимлаш, касб танлаш ва инсоний фазилатларни шакллантириш ҳақида саволлар билан мурожаат қилди. Меҳмонлар эса ўз ҳаётий тажрибалари асосида самимий маслаҳатлар беришди.
Айниқса, йиғин якунидаги шеърий лаҳзалар барча қалбида унутилмас из қолдирди. Янгиерлик иқтидорли қиз Нодира Омон Муҳаммад Исмоил қаламига мансуб “Хайр деманг, онажон!” номли шеърни юракдан ҳис қилиб, таъсирчан оҳангда ўқиди.

Шеър янграган залда бир зум сукунат ҳукм сурди. Она меҳри, соғинч ва инсон қалбидаги энг нозик туйғулар акс этган мисралар тингловчилар юрагига тез етиб борди. Беихтиёр кўпчиликнинг кўзларида ёш қалқди.
Якунда Мирзо-Улуғбек Абдусаломов томонидан мактабга замонавий техника воситалари — компьютер жамланмаси, проектор, принтер ҳамда китоблар совға қилинди. Таъкидланганидек, мазкур жиҳозлар таълим жараёнини янада самарали ташкил этиш, ўқувчиларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
“Уч авлод учрашуви” яна бир бор шуни намоён этдики, миллатнинг маънавий қудрати — авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқлик, устоз ва шогирд анъанаси, ҳаётий тажриба ва эзгу қадриятлар давомийлиги билан мустаҳкамланади. Ана шундай мулоқотлар ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат ва келажак олдидаги масъулият туйғусини янада кучайтиради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири