Маҳалла тинчлиги ва ёшлар тарбияси — устувор вазифа
Гулистон туманида Республика “Нуроний” жамғармаси раиси Содиқжон Турдиев, туман ҳокими Олимжон Жўраев ҳамда вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ўтбосор Абдиевлар иштирокида маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, ёшлар тарбияси масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, ёшлар етакчилари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Учрашувда бугунги кунда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш долзарб вазифалардан бири экани таъкидланди.

Йиғилиш давомида жиноятчиликка сабаб бўлаётган омиллар атрофлича таҳлил қилиниб, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Сўзга чиққанлар юрт тинчлиги ва жамият барқарорлигини таъминлашда нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, маънавий тарбиядаги ўрни ва ёшларга кўрсатаётган ибрати муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар. Нуронийлар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий учрашувлар, профилактик суҳбатлар ва тарбиявий тадбирлар ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда самарали восита бўлаётгани айтилди.

– Бугун Гулистон туманида маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўтказилган тадбирда, айниқса, Республика “Нуроний” жамғармаси раиси Содиқжон Турдиев томонидан билдирилган фикрлар барчамиз учун муҳим дастуруламал бўлди, – дейди Дўстлик маҳалласи фаоли, нуроний Обиджон Абдуллаев. – Айниқса, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш борасида билдирилган мулоҳазалар ҳар бир маҳалла фаоли зиммасига катта масъулият юклайди.

Унинг таъкидлашича, бугун тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг эмас, балки бутун жамоатчиликнинг умумий вазифасига айланмоқда. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар етакчилари ҳамжиҳатликда иш олиб бориши муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, йиғилишда фуқароларни ҳушёрликка чақириш, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган турли ёт ғоялар ҳамда салбий таъсирлардан ёшларни муҳофаза қилиш, маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан амалий вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида тегишли ташкилотларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири