Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – халқ фаровонлиги йўлида муҳим қадам
«Яхши қонун чиқарувчи жиноят учун жазо бериш ҳақида эмас, балки жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида ўйлаши керак: ахлоқни жазолашга қадар яхшилашга кўпроқ ҳаракат қилиш муҳим».
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш бугунги кунда мамлакатимизнинг долзарб масалаларидан бири саналади.
Дунёнинг барча давлатлари интилаётган долзарб ва ўта муҳим муаммолардан бири ҳам - бу жиноятчиликнинг олдини олишдир. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг самарадорлиги ва зарурияти ҳақида қадим замонлардан бери кўп мулоҳазалар айтилган ва ёзишмалар бизгача етиб келган. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини шакллантиришда қадимги юнон файласуфлари Aфлотун ва Aрасту ўз рисолаларида «давлатнинг жазолаш сиёсатидан кўра, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш - устувор аҳамиятга эгадир» деб эътироф қилишган.
Кейинчалик, С.Монтескью ўзининг «Қонуният руҳи» асарида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда устувор жиҳатлар ҳақида фикр юритиб, шундай ёзади: «яхши қонун чиқарувчи жиноят учун жазо бериш ҳақида эмас, балки жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида ўйлаши керак: ахлоқни жазолашга қадар яхшилашга кўпроқ ҳаракат қилиш муҳим».
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йиллардаги бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида «аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида» аниқ вазифалар белгиланди. Ўтган қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ички ишлар органлари тизими тубдан такомиллаштирилди, профилактика инспекторларининг билими ва касб тайёргарлигини ошириш, улар учун муносиб иш шароити яратиш, ўз вазифаларини бажариш натижадорлиги учун моддий рағбатлантиришнинг таъсирчан механизмлари жорий қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 февралда ПҚ-4166-сонли «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди. Шу қарор ижроси юзасидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди. Унинг фаолияти доирасида юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарликни таъминлашга қаратилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш муҳим вазифа сифатида белгиланиб, назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий шакл ва усуллар, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизими яратилиб, мана салкам 2 йил давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутахассислар тайёрланиб келинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида: «Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак», деб таъкидлаган эдилар.
Эндиликда Ихтисослаштирилган филиал битирувчилари бевосита ўзларига бириктирилган ҳудудда осойишталикни сақлашга хизмат қилиб, шаҳарларда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича фаолият юритадилар, «Хавфсиз шаҳар (ҳудуд, қишлоқ)» концепцияси жорий қилиниши асосида жиноятчиликни бартараф қилишга хизмат қиладилар.
Аслида ҳуқуқбузарликларнинг «олдини олиш» ва «бартараф қилиш» тушунчалари бир-бирлари билан яхлит ҳолда боғлиқ бўлгани билан ҳар иккисининг фактик ечими ўзгачадир. Агар жиноятчилик олди олинмаса ёки лоқайдлик сабаб профилактика чоралари кўрилмаса охир оқибат у катта муаммоларга олиб келиши муқаррар ва аксинча, агарда ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг самарали профилактикаси амалга оширилса, ҳуқуқбузарликнинг олди вақтида тезкор равишда олинса – хавфсиз ҳудуд концепцияси ҳаётда ўз татбиғини топади.
Олдини олиш - бу ҳуқуқбузарликнинг профилактик чораси бўлиб, фаолиятининг энг дастлабки босқичи саналади. Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш тизимининг кейинги босқичи эса – реал ҳолатдаги аниқланган ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф қилишдан иборат, бунда ҳуқуқбузарликнинг шаклланган сабаблари ва шартлари натижаси сифатида – жиноий хатти-ҳаракатлар содир этилади.
Шундай қилиб, жиноят - бу одамларнинг бефарқлиги сабабидан ўзларининг мавжуд ҳолатларини ўта оғир шароитларга дучор қилиш муносабатидан бошқа нарса эмас. Шу сабабли, юқорида айтиб ўтилган қадимги файласуфларнинг фикрида – бевосита муҳим ечим кўрсатиб кетилган эди, яъни «жиноятларни жазолашдан кўра уларни олдини олиш яхшироқдир» деб. Жиноятлар аслида одамларнинг турмуш шароити, авваламбор, уларнинг иқтисодий ҳолати, жамиятнинг икки қатламга - бой ва камбағалларга бўлиниши натижасида юзага келади. Ва шунинг учун, ҳар қандай жазо, қанчалик оғир бўлмасин, девиант хулқ-атворни жиловлай олмайди.
Aйни пайтда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кўплаб жамоат ташкилотлари ташкил этила бошланган, профилактика ва тарбиявий тарғибот ишлари фаол юритилмоқда. Чунки бугунги глобаллашув шароитида айрим одамлар жамиятга зарар етказадиган ҳар қандай нотўғри хатти-ҳаракатларга эга бўлиб, баъзи ўринларда ўзлари билмаган ҳолда ҳам ҳуқуқбузарликка йўл қўйишади, бу инсонларнинг ҳуқуқий билимсизлиги сабаб содир этилади.
Халқимизда бир мақол бор: «Касалликни даволагандан кўра, анча олдин чораси кўрилиб, олдини олган афзал», деган. Профилактика асосида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган ҳудуд ва шахслар олдиндан аниқланиб, у ерда ташвиқот ишлари олиб борилса, келгусида бу жараён самара бериши мумкин. Шу билан бирга, огоҳлантириш - бу ўйланган ва тайёрланган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун бир қадам саналади. Ҳозирги кунда энг кенг тарқалган ечимли ҳолат - бу профилактика, жиноятчиликнинг олдини олишнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчилик ҳолатини бартараф этиш, одамларни, жамиятни, давлатни ҳимоя қилиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилиши, бошқача қилиб айтганда, «ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш» субъектларнинг ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини шакллантиришдан, уларнинг якуний «пишиб етишидан» ва ноқонуний ният амалга оширилишидан бошлаб, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича барча фаолиятларини акс эттиради.
Шу муносабат билан «... ҳуқуқбузарликларнинг» олдини олиш, «тўхтатиш», «бартараф этиш» тушунчалари «ҳуқуқбузарликларга қарши кураш» тушунчасини ҳам англатади.
Ҳуқуқбузарликларга қарши кураш бу ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш, олдини олиш, бартараф этиш, фош этиш ва адолатли тергов қилиш вазифаларидан иборат. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – яқинлашиши мумкин бўлган ёки аллақачон содир этилган ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ҳолатни билдириб, худди ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг махсус тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ўз ичига олади.
Шунинг учун жамиятда қонун устуворлиги таъминланиб, қонунийлик мустаҳкамланиб, ҳуқуқий маданият юксалтирилса ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда фаол иштирок этиб борилса, албатта келгусида аҳолининг тинч, осойишта ҳаёти таъминланади. Бунда эса, бевосита, Ихтисослаштирилган филиал мутахассислари ўз хизматлари орқали натижага эришадилар.
А.Х.Арипова,
ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлар кафедраси доценти,
ф.ф.н.(PhD)