Оилавий ҳаётга тайёр ёшлар – соғлом жамият пойдевори
Термизда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 19 майдаги “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда оилавий маслаҳат хизматларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини маҳаллаларда тарғиб қилишга бағишланган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Машғулотларда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси тизими ходимлари, оила ва хотин-қизлар масканлари ҳуқуқшунос ҳамда психологлари, ҳамкор ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Семинарда Сурхондарё вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Хидирова мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳуқуқий ва психологик хизматлар кўрсатиш, ота-оналикка тайёрлаш таълим дастурлари орқали масъулиятли кўникмаларни шакллантириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр юритилди. Ҳукумат қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг оилаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига эътибор қаратилди.

Қарор ижроси доирасида туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари тизимида ташкил этилган юридик шахс бўлмаган оила ва хотин-қизлар масканлари ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб, оилаларни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда.
Машғулотларда мазкур ҳужжатнинг жамият ҳаётидаги ўрни, оила ва хотин-қизлар масканларида кенг жамоатчилик билан ишлаш усуллари муҳокама этилди. Никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, суд, ички ишлар, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш ва соғлиқни сақлаш органлари ҳамкорлигида янги тизимнинг мақсад ва вазифаларини маҳаллаларда аҳолига тарғиб қилиш юзасидан ўзаро тажриба алмашди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири