“Тяньшан” мукофотига сазовор бўлган олим
Хитой Фанлар академияси Шинжон экология ва география институти томонидан Ўзбекистон Республикаси экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Б.Хабибуллаев экология ва география фанларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Хитой давлатининг “Тяньшан” мукофотига муносиб деб топилди.
Таъкидлаш жоиз, “Тяньшан” Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном районининг энг нуфузли мукофотларидан бири ҳисобланади. У минтақа ривожига, шунингдек, халқаро илмий-техник, экологик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган хорижий мутахассислар ва экспертларни рағбатлантиришга мўлжалланган.
Мазкур мукофот хорижий олимлар, муҳандислар ва экспертларнинг Шинжон тараққиётига қўшган ҳиссасини эътироф этиш, халқаро илмий-техник алмашинувни рағбатлантириш, илғор технологиялар, инновациялар ва бошқарув амалиётларини жалб қилиш, экология, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, Хитой ва хорижий давлатлар ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ривожланиш дастурларининг оммалашув даражасини ошириш мақсадида таъсис этилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.