Туятортар мўъжизаси
Тарихдан садо
Яқинда Бахмал туманидаги Музбел қишлоғида яшовчи шогирдим, журналист Орифжон Жуманов тўйга таклиф қилди. Бордим, тўй кўпкарили экан. Шу ҳудуддан оқиб ўтувчи Туятортар канали соҳилидаги кенг майдонда бахмаллик чавандозлар,Зомин, Ғаллаорол, Қўшработ, Фориш ва бошқа туманлардан келган чапдаст суворийлар ўз маҳоратларини намойиш этиб, соврин учун беллашганини мириқиб томоша қилдик.Мен бу ерда қўшалоқ завқ олдим: ҳам кўпкари кўрдим,ҳам афсонавий Туятортар каналига разм солиш имконига эга бўлдим. Унинг илон изидек эгри-бугри ўзани ва сувининг канал тубидан қайнаб чиқаётгандек кўринувчи ғалати оқими мени ҳайратга солди.

Дунёда икки денгиз ёки икки дарёни ўзаро боғлайдиган сунъий сув иншоотлари кўп. Хусусан, Мисрдаги Сувайш, Америка қитъасидаги Панама, Россиядаги Беломор каналларини ким билмайди, дейсиз? Уларнинг роли ва оламшумул аҳамияти ҳақида узоқ сўз юритиш мумкин.
Бироқ ана шундай ўта мураккаб иншоотларни дастлаб бизнинг бобокалонларимиз яратгани, бунинг ёрқин намунаси Зарафшон ва Сангзор дарёларини ўзаро туташтирган мана шу қадимий Туятортар канали эканлигини кўпчилик билмайди.

Бу ерга келишдан аввал музбеллик қариялардан бири– Ўрол ҳожи бободан мана бу ривоят ва тарихни эшитдим: ушбу канал қурилишини бошлаган ҳукмрон подшо Бахмал қирларига келганда куч ва ақли етмасдан тўхтаб қолибди.Шунда у қўшни мамлакатдан ёрдамга минг нафар одам юборишни сўраб, элчи жўнатибди. Бунга жавобан бор-йўғи бир киши келибди. Бундан жаҳли чиққан ҳукмрон қиличини суғуриб, ёрдамга келган одамни чопиб ташлабди. Шу пайт мўъжиза рўй берибди: қилич зарбидан икки бўлинган зот оқ туяга айланибди ва сув йўлини кўрсатиб, юра бошлабди. Одамлар унинг изи бўйлаб ер қазиб ушбу канални бунёд этишган ва шунинг учун уни Туятортар, деб аташган экан.
Бу ривоят, албатта, Лекин унинг замирида қандайдир ҳақиқатлар бор.Тарих манбаларига кўра,Туятортар канали Зарафшон дарёсидан чиқарилган ва Мирзачўлни суғориш учун мўлжалланган дастлабки қадимий сув иншоотларидан бири ҳисобланади. У милод бошларида қазилган, 6-8 асрларда ўзаро урушлар ва араблар истилоси даврида вайрон бўлган. 16-асрда Бухоро хони Абдуллахон 11 даврида қайта тикланган ва узайтирилган. 1912 йилда Самарқанд генерал-губернатори томонидан қисман қайта тикланган. Шўролар даврида канал қайта қазилди. Узунлиги 108,2 км, сув ўтказиш имконияти секундига 50 метр куб. Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги 34 минг гектардан зиёд экин майдонлари суғорилади. Ҳозирги кунда каналнинг чуқурлиги 2-3 метр, кенглиги 7-8 метр. Бахмал туманидаги бир қанча қишлоқлар, хусусан, Дўсмат, Гулбулоқ, Чангал, Шодмон, Алами сингари йирик аҳоли пунктлари учун асосий суғориш манбаидир.
Туятортар канали бу шунчаки икки дарёни боғлаган сунъий ариқ эмас, балки аждодларимиз тафаккури, билимга таянган амалий зукколигининг ёрқин ифодасидир. Асрлар қаъридан бизга етиб келган бу иншоот халқимиз сувни ҳаёт манбаи сифатида чуқур англаганини, табиат билан курашмасдан, уни англаб, унга мос яшашни уддалай олганини кўрсатади.
Зарафшон ва Сангзор дарёларини ўзаро туташтириш ғоясининг ўзиёқ ўта мураккаб ҳисоб-китоб, географик билим ва муҳандислик тажрибасини талаб этган. Бу иш фақат куч ёки тасодиф билан эмас, балки сувнинг оқими , ер рельефи,мавсумий ўзгаришлар ва инсон эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган. Демак, боболаримиз сув иншоотлари барпо этишда илмга, кузатувга ва тажрибага таянган.
Туятортар канали асрлар давомида фақат деҳқончиликни ривожлантиришга хизмат қилмаган, балки бутун ҳудуднинг ижтимоий- иқтисодий ҳаётини таъминлаган.У орқали ерлар обод бўлган, қишлоқлар барпо этилган,одамлар ҳаёти барқарорликка эришган. Шу маънода, канал тараққиёт томири, сув бор жойда ҳаёт мавжудлигининг далилидир.
Фалсафий жиҳатдан қаралганда, Туятортар канали халқимиз тафаккурининг юксак намунасидир. Аждодларимиз табиатга қарши курашмаган, балки уни англаб, унга мос яшаш йўлини танлаган. Улар сувни тўсиб қўймаган –йўналтирган, дарёни йўқ қилмаган – балки ундан оқилона фойдаланган. Бу эса инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик ғоясининг амалий ифодасидир.
Бугун дунё Сувайш ёки Панама канали билан фахрланар экан , биз ҳам ўз тарихимизда бундай улуғ иншоотлар борлигини билишимиз, уларни ўрганишимиз ва қадрлашимиз керак. Чунки Туятортар канали нафақат муҳандислик ёдгорлиги, балки миллий тафаккур, илмга таянган амалий ақл ва зукколик рамзидир.
Уни ўрганиш, тарғиб қилиш ва қадрлаш ўтмиш олдидаги бурчимиз, келажак олдидаги масъулиятимиздир.Халқни буюк қиладиган нарса фақат замонавий технологиялар эмас,балки асрлар оша сақланиб келаётган ақл, билим ва тафаккур меросини асраб. ривожлантиришдир.
Норбобо Шакаров, ЎзА