Туркия соғлиқни сақлаш вазири Самарқандда
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров юртимизга ташриф буюрган Туркия соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда кейинги йилларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Туркия муносабатлари тиббиёт соҳасида ҳам ўз самарасини бераётгани қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 январь куни Туркияга расмий ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш, таълим ва ҳарбий тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланиши бу йўналишдаги алоқалар ривожига янгича суръат бағишлагани таъкидланди.
Вазирлар аввалги учрашувларда эришилган келишувларнинг бугунги ҳолати ва ҳамкорликнинг кейинги босқичи юзасидан ўзаро фикр алмашди. Хусусан, юртимизда янги даволаш муассасаларини қуриш, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида сўз борди.
А.Худоёров туркиялик экспертлар иштирокида ихтисослаштирилган марказлар ва тиббиёт олий ўқув юртларида ўтказилган маҳорат дарслари самарадорлигини юқори баҳолади. 100 нафардан ортиқ вакилларимизнинг Туркияда малака ошириши учун яратилган имкониятлар учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Тошкентда ташкил этилган замонавий онкология марказида туркиялик мутахассислар иштирокида самарали менежмент тизими жорий қилиниб, муассасага туркиялик тажрибали мутахассис Кая Седат директор этиб тайинлангани марказ бошқарувида юқори натижа бераётганини қайд этди.
Учрашувда Тошкент давлат тиббиёт университети клиникаси базасида давлат-хусусий шериклик асосида кўп тармоқли шифохона ташкил этишга қаратилган умумий қиймати 500 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Вазирлар буйрак ва жигар трансплантацияси каби юқори технологияли операцияларни биргаликда амалга ошириш, тиббий кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, жорий йил якунига қадар учинчи Ўзбекистон – Туркия тиббиёт форумини ўтказиш юзасидан таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Кемал Мемишоглу Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада изчил ва юқори суръатда давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
[gallery-28660]
Учрашувдан сўнг Туркия соғлиқни сақлаш вазири ўзбекистонлик ҳамкасби ҳамроҳлигида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди. Бу ерда амалга оширилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ва ушбу жараёнда фойдаланилаётган замонавий тиббий жиҳозлар, ходимлар билим ва малакасини ошириш борасидаги тажрибалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Туркия соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу Самарқандга ташрифи давомида ушбу давлатнинг қадимий шаҳардаги Бош консулхонасида ҳам бўлди, тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари