Туркия миллий энергетика стратегиясини янгиламоқда
Туркия 2040 йилгача бўлган энергетика сиёсатида қайта тикланувчи энергия ва энергия самарадорлигини асосий устувор йўналишлар сифатида белгиламоқда. Мамлакатнинг янгиланган энергетика стратегияси COP31 конференцияси олдидан жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган.
Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байрактар ўлканинг миллий энергетика режаси қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат янада кенг қамровли шаклда ишлаб чиқилиб, “Туркиянинг 2040 йилгача мўлжалланган янги энергетика архитектураси” сифатида тақдим этилади.
Таъкидланишича, мамлакат саноат, транспорт ва бошқа соҳаларда электр энергиясидан фойдаланиш кўламини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда. Айниқса, транспорт соҳасида катта ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳукумат 2035 йилга бориб ўлка йўлларида 8–10 миллионта электромобиль ҳаракатланишини мақсад қилган.
Электр энергияга бўлган талабнинг ортиши янги энергетика инфратузилмасини ривожлантиришни талаб қилмоқда. Маълумки, Туркия қуёш ва шамол энергетикаси каби қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта салоҳиятга эга. Шу сабабли давлат келгуси давр учун ушбу соҳада юқори мақсадларни белгилаб олган.
Анқаранинг узоқ муддатли энергетика режаларида атом энергетикаси ҳам алоҳида ўрин тутади. Вазир Байрактар “Аккую” атом электр станциясининг биринчи реактори айни пайтда жадал синов жараёнидан ўтаётганини қайд этди.
Реакторни ишга туширишдан олдин юзлаб техник синовларни ўтказиш ва уларни муваффақиятли якунлаш талаб этилади. Туркия ва Россия мутахассислари биринчи реакторни яқин ойларда ишга тушириш учун ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
Нодира Кайимова,
ЎзА