Туркий дунё интеграцияси янги босқичга чиқадими?
Туркий давлатлар ташкилоти сўнгги йилларда маданий яқинлик майдонидан аста-секин геоиқтисодий ва геосиёсий ҳамкорлик платформасига айланмоқда. Айниқса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилаётган ташаббуслар ташкилотнинг амалий ва институционал аҳамиятини кучайтиришга қаратилгани билан эътиборга молик.
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ўтказилган норасмий саммитда илгари сурилган ғоялардан кўриниб турибдики, эндиликда асосий урғу рамзий бирлик ёки умумий тарих билан бир қаторда транспорт, рақамли инфратузилма, экология ва хавфсизлик каби аниқ стратегик соҳаларга ҳам берилмоқда.
Бу эса ТДТни XXI асрда функционал минтақавий институтга айлантиришга интилиш сифатида баҳоланиши мумкин. Айни жараёнда транспорт, рақамли логистика, иқлим хавфсизлиги ва кибер муҳофаза масалалари марказий ўринни эгалламоқда.
“E-permit” электрон рухсатнома тизими барча аъзо давлатларда жорий этилгани муҳим, чунки Марказий Осиё ва Кавказ орқали ўтувчи транспорт йўлаклари самарадорлиги фақат темир йўл ёки автомобиль трассалари билан чекланмай, бюрократик жараён билан ҳам белгиланади. Шу нуқтаи назардан рақамли логистика платформалари замонавий геосиёсий рақобатнинг янги элементига айланмоқда.
Божхона ва транзит жараёнини рақамлаштириш, логистик маълумот алмашинувини автоматлаштириш ва юкни онлайн кузатиш каби механизмлар Евросиё транспорт архитектураси янги асосига айланмоқда.
Хусусан, “Ўрта йўлак” билан “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл лойиҳаси ўртасидаги боғлиқлик стратегик аҳамият касб этади. Агар мазкур йўналишлар самарали интеграция қилинса, юртимиз минтақадаги энг муҳим транзит ва рақамли логистика марказларидан бирига айланади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида экологик хавфсизлик масаласига урғу бергани бежиз эмас. Марказий Осиёда иқлим ўзгариши бугунги кунда экологик масала доирасидан чиқиб, иқтисодий ва хавфсизлик муаммосига айланиб улгурди. Музликлар қисқариши, сув ресурси танқислиги ва чўлланиш жараёни келгусида минтақавий барқарорликка жиддий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли сунъий йўлдош маълумоти асосида иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш ташаббуси стратегик аҳамиятга эга. Бу ерда эътиборли жиҳат – сунъий интеллектни трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришга жалб этиш ғоясидир. Шу тариқа ТДТ фаолиятида “яшил хавфсизлик” концепцияси шаклланади.
Самарқанддаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети томонидан туркий давлатлар ёшлари учун грант ажратилиши ҳам “инсон капитали дипломатияси”нинг янги кўринишидир. Боиси, бугунги кун воқелигида кадрлар тайёрлаш ва билим экспорти юмшоқ кучнинг муҳим воситасига айланмоқда.
2027 йилни “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш таклифи ҳам ТДТнинг халқаро имижини янги мазмун билан бойитишга қаратилган. Шу орқали тузилма глобал экологик кун тартибида иштирок этувчи минтақавий институт сифатида намоён бўлмоқда.
Яна бир жиҳат. Самарқанд шаҳрида “Глобал экологик жамғарма ассамблеяси” ҳамда “Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми” ўтказиш таклифи ҳам республикамиз экологик дипломатия соҳасида минтақавий ва халқаро марказга айланишга интилаётганини кўрсатади.
Президент нутқининг яна бир муҳим қисми хавфсизлик ва кибер муҳофаза масалаларига бағишланди. Зеро, рақамли технологиялар тараққиёти билан бирга янги таҳдидлар ҳам пайдо бўлмоқда. Замонавий таҳдидлар анъанавий чегаралардан ташқарига чиқиб кетган бир пайт “Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс”ни ташкил этиш ғояси жуда долзарб кўринади. Сабаби рақамли инфратузилмага қарши ҳужум иқтисодиёт, молия, транспорт ва давлат бошқарувига бир вақтнинг ўзида таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати – сунъий интеллектдан фойдаланишда аҳлоқий меъёрга урғу берилаётганидир. Дунёда сунъий идрок технологияси атрофида геосиёсий рақобат кучайиб, ахборот манипуляцияси, кибер жиноят ва рақамли назорат кучаймоқда. Бундай шароитда ТДТ умумий ёндашув ва қоида шакллантиришга интилаётгани кўринади.
Умуман, мазкур саммит ТДТ фаолияти янги босқичга ўтаётганини кўрсатди. Эндиликда ташкилот фақат умумий тарих ва маданият рамзи эмас, балки транспорт, рақамли иқтисодиёт, иқлим хавфсизлиги, экологик дипломатия ва кибер барқарорлик соҳаларида умумий стратегия ишлаб чиқувчи минтақавий марказ сифатида шаклланмоқда.
Бу жараён муваффақияти ташаббусларнинг амалий тақдири билан боғлиқ. Агар илгари сурилаётган ғоялар институционал механизм ва реал лойиҳаларга айланса, Туркий давлатлар ташкилоти XXI аср Евросиёсида таъсирчан минтақавий платформалардан бирига айланиши шубҳасиз.
Мухтор Назиров,
Халқаро исломшунослик академияси доценти