Трамп Эронга зарба бериш режасини тўхтатди, бироқ...
Қатар, Саудия Арабистони ва БАА раҳбарларининг мурожаатидан сўнг, АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши режалаштирилган ҳарбий ҳужумни тўхтатди. Экспертлар фикрича, бу қарор минтақадаги кескинликни батамом юмшатмайди, музокараларнинг мураккаб йўли энди бошланмоқда.
Таъкидланишича, Оқ уй раҳбари Қўшма Штатлар мудофаа вазири Пит Хегсет ҳамда Қуролли Кучлар Бирлашган штаблар қўмитаси раисига ҳужумни тўхтатиш, аммо жанговар шайликни юқори даражада сақлаб туриш бўйича кўрсатма берган.
“Фарс” ахборот агентлиги ёзишича, Вашингтон музокаралар столига қайтиш учун Эрон олдига АҚШдан ҳар қандай кўринишдаги молиявий компенсация ёки зарарни қоплашни талаб қилмаслик, Эрон ихтиёридаги 400 килограмм бойитилган уранни АҚШга топшириш, Теҳрон ядровий инфратузилмасининг фақатгина битта объектини фаол ҳолатда қолдириш, музлатиб қўйилган молиявий активларнинг камида 25 фоизи АҚШ томонидан қайтарилмаслигига рози бўлиш каби қатъий талабларни қўйган.
Ўз навбатида, Эрон томони ҳам музокараларни бошлаш учун Вашингтон олдига барча фронтларда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, Эронга қарши жорий этилган иқтисодий санкцияларни бутунлай бекор қилиш, хорижда музлатилган барча молиявий активларни эгаларига қайтариш, етказилган уруш зарарларини АҚШ томонидан тўлиқ қоплаб берилиши, Ҳурмуз бўғози устидан Эроннинг суверен ҳуқуқларини расман тан олиш каби шартларни илгари сурмоқда.
Сиёсий кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳар икки томон таклиф қилган бандлар ўта мураккаб бўлиб, улар бажарилган тақдирда ҳам минтақадаги кескинлик тўлиқ барҳам топиши кафолатланмаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА