Туризмда замонавий Rent Car хизматлари ривожлантирилади
Ўзбекистонда сайёҳлар учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий туризм муҳитини яратиш мақсадида автомобилларни ижарага бериш (Rent Car) хизматларини такомиллаштириш бўйича муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди.
Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов раҳбарлигида ўтказилган очиқ мулоқотда Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси, суғурта ташкилотлари ҳамда автомобиль ижараси хизматини кўрсатувчи компаниялар вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида мамлакатимизда Rent Car хизматларини янги босқичга олиб чиқиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган таклифлар атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, ижарага берилган автомобиллар бўйича жарималар ва ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, давлат идоралари ўртасида рақамли маълумот алмашинувини кенгайтириш, хорижий фуқаролар учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни электрон шаклда расмийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, электромобиллар учун қувватлаш инфратузилмасида халқаро тўлов тизимларини жорий этиш, автомобиль ижараси компаниялари учун махсус суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш, автостанцияларни экологик тоза ва замонавий транспорт воситалари билан кенгайтириш ҳамда уларни имтиёзли молиялаштириш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Туристик ҳудудларда автокемпинглар ва кемперлар учун махсус тўхташ жойлари ҳамда сервис нуқталарини ташкил этиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ташаббуслар амалга оширилиши натижасида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар мамлакат бўйлаб янада эркин, қулай ва хавфсиз саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, рақамли хизматларнинг кенгайиши, халқаро тўлов воситаларининг жорий этилиши ва хизматлар сифатининг ошиши Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА