Туризм: халқаро ҳамкорлик учун янги кўприк
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Малайзиянинг Перлис штати валиаҳди Туанку Сайед Файзуддин Путра бошчилигидаги делегациянинг Тошкент вилоятига ташрифи доирасида ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди.
Делегация аъзолари дастлаб пойтахтдаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб, бу ерда давом этаётган сузиш бўйича Жаҳон кубоги мусобақаси билан танишди. Спортчилар учун яратилган шароитлар, мусобақанинг бориши ва машғулот жараёнлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, улар ҳамюрт спортчилар билан эсдалик суратига тушди.
Шундан сўнг делегация Тошкент вилоятининг энг жозибадор туризм масканларидан бири — Бўстонлиқ туманига йўл олди. Ташриф давомида меҳмонлар дастлаб “Чорвоқ дарвозаси” мажмуасида бўлиб, унинг ўзига хос меъморий қиёфаси ҳамда ҳудуднинг табиий салоҳияти ҳақида маълумот олди.

Кейинги манзил Чимён ҳудудидаги меҳмонхона мажмуаси бўлиб, бу ерда сайёҳлар учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишилди. Меҳмонларнинг навбатдаги манзили “Амирсой” тоғ-чанғи курортига бўлди. Бу ерда Перлис валияҳди Туанку Сайед Файзуддин Путра ва Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўртасида учрашув ўтказилди.
Мулоқотда Тошкент вилояти ва Перлис штати ўртасида, аввало, туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф якунида Тошкент вилояти Маданият бошқармаси ижодкорлари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар меҳмонларга кўтаринки кайфият улашди.
Умуман олганда, мазкур ташриф икки ҳудуд ўртасида, айниқса, туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашда муҳим қадам бўлди.
А.Мусаев,ЎзА