Сурхондарёда 21 мингдан ортиқ педагог аттестация синовларида иштирок этади
Сурхондарё вилоятида мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагоглари учун малака (тест) синовлари ўтказилмоқда. 28 ноябрга қадар давом этадиган аттестация жараёнларида ўқитувчиларнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билимлари, шунингдек, педагогик маҳорати баҳоланади.
Жорий йилги аттестацияда иштирок этиш учун вилоят педагогларидан жами 28 минг 745 та ариза келиб тушган. Мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уларнинг 21 минг 730 таси ёки 75,6 фоизи қаноатлантирилган.
Аттестацияда иштирок этишга рухсат берилган педагогларнинг 865 нафари навбатдаги мажбурий, 20 минг 865 нафари эса навбатдан ташқари малака синовларига рўйхатга олинган.
Термиз шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида ташкил этилган синовларни ўтказиш учун зарур ташкилий-техник шароитлар яратилган. Педагогларнинг синовларда қулай шароитда иштирок этиши, баҳолаш жараёнларининг адолатли ва шаффоф ўтишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Аттестация жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш устувор вазифалардан бири, - дейди вилоят таълими бошқармасининг Педагогларнинг билим ва малакаларини баҳолашни ташкил этиш шўъбаси методисти Жамшид Ҳайитмуродов. – Тест синовларининг компьютерда реал вақт режимида ўтказилиши ташқи аралашувларнинг олдини олиш, инсон омилини камайтириш ҳамда натижаларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, аттестация жараёнларини интернет орқали кузатиш имконияти ҳам яратилган.
[gallery-32272]
Синовлар давомида педагогларнинг ўз мутахассислик фани бўйича билим даражаси, касб стандарти талабларини ўзлаштиргани ҳамда педагогик маҳорати баҳоланмоқда.
Мазкур аттестация жараёнлари ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлик даражасини аниқлаш, билим ва кўникмаларини холис баҳолаш ҳамда малака тоифаларини белгилашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА