Туризм алоқалари янги босқичда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар барқарор ривожланиб, айниқса. туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Икки халқни муштарак тарих, яқин маданият ва умумий қадриятлар бирлаштириб туради. Ана шу яқинлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида юртимизда нишонланган Наврўз байрами кунларида Қозоғистон Республикасидан 400 нафарга яқин делегация аъзолари Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар ташриф давомида Бухоро шаҳрининг бой тарихий ва меъморий мероси билан яқиндан танишди. Улар, айниқса, қадимий тоқлар, Пойи Калон мажмуаси, Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли каби бетакрор обидаларни катта қизиқиш ва ҳавас билан томоша қилди. Шунингдек, ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, миллий ҳунарларимиз намуналари билан танишди.

— Қадимий Бухоронинг сеҳрли обидаларини зиёрат қилар эканмиз, гўёки вақт тўхтаб қолгандек туюлди. Кўҳна шаҳарнинг тор кўчалари, осмонўпар миноралари ва нақшинкор айвонлари бизни мозийга сайр қилдирди, — дейди қозоғистонлик сайёҳ Жамила Султанова.


Мутахассислар таъкидлашича, 2026 йил давомида Ўзбекистонга, хусусан Бухоро вилоятига хорижий сайёҳлар оқими янада ошиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, маданий алмашинувни кенгайтириш ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири