Ўзбек каштачилиги жаҳон саҳнасида
Миллий ҳунармандчилик халқнинг тарихи, маданияти ва маънавиятини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Айниқса, ўзбек каштачилиги асрлар давомида шаклланиб, нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ҳам юксак қадрланиб келмоқда. Бугунги кунда ушбу ноёб санъат турига бўлган халқаро қизиқиш тобора ортиб, у миллий қадриятларимизнинг жаҳон маданий меросида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Навоий қишлоғида яшовчи моҳир каштачи, “Дўстлик” ордени соҳиби Зуҳра Облобердиева ана шундай бебаҳо меросни асраб-авайлаб, уни келгуси авлодларга етказиб келаётган фидойи ҳунармандлардан биридир. Унинг ижоди нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилган. Зуҳра опа Европа, Осиё ва Узоқ Шарқ мамлакатларида ўтказилган кўргазмаларда иштирок этиб, ўзининг бетакрор кашталари билан томошабинлар қалбини забт этмоқда.
Айниқса, унинг Япония билан йўлга қўйган ҳамкорлиги каштачилик санъатини халқаро даражада тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Япониянинг Токай университети талабалари бир неча йилдан буён Шофирконга ташриф буюриб, Зуҳра Облобердиевадан миллий ҳунар сирларини ўрганиб келмоқда. Бу эса ҳунарманднинг нафақат маҳаллий ёшлар, балки хорижликларда ҳам миллий санъатимизга бўлган қизиқишни оширишга қўшаётган ҳиссасини кўрсатади.

Айни пайтда Зуҳра Облобердиева хонадонида япон тадқиқотчиси, Токай университети профессори, этнограф Эмми Имахори меҳмон бўлиб турибди. Унинг Ўзбекистонда олиб борган илмий изланишлари натижасида Японияда “Каштачилик аёллар дунёсини қандай ўзгартиради” номли китоб нашр этилди. Ушбу асарда Ўзбекистон, хусусан Бухоро ҳудудидаги анъанавий каштачилик, аёл ҳунармандларнинг ҳаёти ва ижоди кенг ёритилган. Китоб этнографик жиҳатдан бой манба бўлиб, унда каштачилик сирлари, нақшлар маъноси ва уларнинг тарихи чуқур таҳлил қилинган. Айни пайтда бу асар япон ёшлари ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
–Бухоро қишлоқларидан бирида Зуҳра опани учратдим, –дейди профессор Эмми Имахори. –Унинг кашталарини кўриб, ҳайратда қолдим. Нақшлари ва услуби ўзига хос, янгича ёндашув билан бойитилган. Менда кўплаб саволлар туғилди ва уларнинг барчасига Зуҳра опадан жавоб олдим. У киши билан ҳамкорлигимизга қарийб 20 йил бўлди ва бу жараён ўз самарасини китобимда топди.
Эмми Имахори нафақат олим, балки чуқур этнографик тадқиқотчи сифатида ҳам танилган. У Зуҳра опанинг уйида икки йил яшаб, ўзбек тилини, миллий урф-одатлар ва қадриятларни ўрганган. Шунингдек, пилладан ип олиш, мато тўқиш каби нозик жараёнларни ҳам ўзлаштирган. У нафақат Шофиркон каштачилик мактабини, балки Темурийлар давридан буён сақланиб келаётган Шаҳрисабз, Нурота ва Бойсун йўналишларини ҳам пухта билади. Унинг илмий ишлари миллий санъатимизни халқаро майдонда тарғиб қилишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

–Бу ҳунар бизга авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда, –дейди Зуҳра Облобердиева.–Онам буни бувимдан ўрганган қадимий кашталаримиз бугунги кунда дунёнинг кўплаб музейларида сақланмоқда. Шофиркон кашталари ўзининг ранглари ва тикиш услуби билан ажралиб туради. Мен 30 йилдан ортиқ вақтдан бери ушбу ҳунарни ривожлантириб, табиий бўёқлар ва анъанавий услубларни сақлаган ҳолда давом эттириб келяпман.
Зуҳра Облобердиева “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси бўлиб, унинг асарлари турли мамлакатларда намойиш этилган. У бир нечта хорижий тилларда эркин мулоқот қила олиши ҳам халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда давлат томонидан ҳунармандчилик соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган имкониятлар ана шундай моҳир усталар фаолиятини янада рағбатлантирмоқда. Бу эса ўз навбатида, миллий анъаналаримизнинг жаҳон миқёсида кенг тарқалиши ва муносиб эътироф этилишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари