Тупроқсиз ҳам юқори ҳосилдорликка эришиш сири яхши ўзлаштирилмоқда
Бу бир гектарлик иссиқхона дейишди. Кирдик. Остона хатлаб қандай ҳисни туйганимни айтсам, ишонмайсиз. Ичкарида чақалоқ ухлаётгандай. Ёруғ ва кенг сатҳ бўйлаб қулупнайлар пишиб ётибди...
Яқин ўн йилликларда ҳам қишлоқ хўжалиги дейинганда кўз олдимизда бутунлай бошқа ҳолат жонланарди. Маторидан қора мой оқиб турган баҳайбат трактор ернинг бағрини ёрганча даланинг бу бошидан у бошига бориб келади. Техниканинг ортида эса қарғалар ғужғон айланар эди.
Нарпай туманидаги иссиқхона. Бу ерда ўша трактор шовқини эмас, балки мониторда қандайдир сирли ёниб ўчаётган чироқчаларга кўзимиз тушади. Компьютер экранларидаги рақамлар ҳаракатида ҳам маъно бор. Ҳа, бугун қишлоқ хўжалиги дегани фақат ерни ағдариш, оғир техника ҳайдаш эмас. Илм, аниқ ҳисоб-китоб, сунъий интеллект ва ресурс тежамкор технологиялар соҳанинг янги қиёфасини белгилаб бермоқда.
[gallery-28571]
Дунёдаги аксар аграр давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам замонавий агротехнологиялар бозор талабини тезкор қондиришнинг энг муҳим омилига айланмоқда.
Самарқанд азалдан деҳқончилик маданияти юксак ҳудуд сифатида танилган. Бу ерда сув ва ердан фойдаланишнинг ўзига хос мактаби шаклланган. Нарпай тумани ҳам ҳар қарич ер ва ҳар литр сувдан фойда олиш борасида ўзига хос тажрибага эга.
Бугун “Нарпай қулупнай” корхонаси фаолияти ҳам алоҳида эътиборга молик. Гидропоника технологиясини жорий этган мазкур лойиҳа мамлакатда инновацион қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбари 18 март куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ана шу тадбиркорлик субъекти фаолияти билан танишган эди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 650 минг доллар. Бир гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилган. Бу бир қарашда оддий рақамдек туюлади. Халқаро амалиётда эса бир гектарлик гидропоника иссиқхонаси ўртача 40–60 тоннагача маҳсулот беради. Демак, лойиҳа нафақат молиявий жиҳатдан, балки технологик самарадорлиги билан ҳам аҳамиятли.
Бугун корхона маҳаллий йирик савдо тармоқларига маҳсулот етказиб бермоқда. Экологик тоза, маълумоти аниқ мониторинг қилинадиган, сифатини лабораториялар тасдиқлайдиган бундай маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда.
Корхонанинг ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Ҳозирги кунда бу ерда 20 нафар қишлоқ аҳолиси доимий иш билан таъминланган. Мавсумларда яна 15 нафаргача ишчи жалб қилинади. Гидропоника технологиялари амалий жиҳатдан кам сонли мутахассис талаб қилса-да, уларнинг малакаси юқори бўлиши керак. Бу эса маҳаллий кадрлар тайёрлаш, ёшларни замонавий агротехнологияларга ўргатиш учун янги имконият яратади.
– Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифлари чоғида мамлакатимизда бу каби мажмуаларни кўпайтириш, сунъий интеллект имкониятларини қўллаган ҳолда ҳосилдорликни ошириш бўйича топшириқлар бердилар, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев. – Шу корхонада қулупнай икки қават форматида парваришланмоқда. Буни беш қаватгача кўтариш имкониятлари ҳақида сўз борди. Бу тажрибани Нарпай туманидаги элликдан ортиқ маҳаллага, томорқаларда қўллаш зарурлиги айтилди. Етиштирилган маҳсулотларнинг экспорти бўйича ҳам масъулларга топшириқлар берилди. Вазифаларнинг ижросига масъуллар кимлар экани аниқ кўрсатиб ўтилди. Демак, бу ташаббус бошқа ҳудудларга ҳам кенг ёйилади.
Гидропоникада қулупнай тупроқсиз, махсус озуқавий эритмалар ёрдамида ўсади. Ўсимликнинг энергияси илдизнинг ерга ботишига эмас, тўғридан-тўғри ўсиш ва мевага йўналтирилади. Бу ҳосилдорликни бир неча баравар оширадиган омил. Дунёдаги етакчи гидропоника марказларида ана шу ёндашув гектарга нисбатан анъанавийдан тўрт бараваргача юқори ҳосил бераётгани исботланган.
Технологиянинг яна бир асосий устунлиги сув тежамкорлигидир. Гидропоникада сув сарфи 80 фоизгача камаяди. Бу фактнинг аҳамияти Ўзбекистон шароитида, айниқса, муҳим. Келгуси ўн йилда сув ресурсларига босим ошиши кутилаётгани халқаро тадқиқотларда ҳам қайд этилган. Демак, бундай технологиялар стратегик аҳамият касб этади.
Мазкур иссиқхонада сувни тежаш учун ёмғир сувини йиғиш тизими, қуёш панеллари, автоматлаштирилган ўғитлаш ва назорат ускуналари ўрнатилган. Бу ишлаб чиқариш харажатларини камайтирадиган, маҳсулот таннархини барқарор ушлаб турадиган муҳим омил.
Келгусида тадбиркор олтмиш гектарлик қўшимча иссиқхона барпо этишни режалаштирмоқда. Буйиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 300 минг тоннагача етказиш имконини беради. Реал салоҳиятга асосланган бу режалар агроэкспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари очиш ва янги брендни халқаро бозорга олиб чиқиш учун замин яратади.
Нарпай туманидаги бундай лойиҳалар нафақат Самарқанд, балки мамлакатнинг барча ҳудудларини инновацион қишлоқ хўжалигига ўтишга ундамоқда. Сув ресурслари танқис, ер майдонлари чекланган барча ҳудудларда бу тажриба яхши самара беради.
Шу маънода, гидропоника усули аграр сиёсатда янги босқични белгилаётган стратегик йўналишга айланиб бормоқда. Энг муҳими, бу жараён деҳқончилигимизнинг қадимий меҳнат маданиятини замонавий илм-фан билан уйғунлаштирмоқда. Натижада миллий брендларни халқаро бозорга олиб чиқиш имконияти кенгаймоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари