Тупроқ сифати ҳосил унумдорлигини белгилайди
"Тупроқ таҳлил маркази" давлат муассасаси мутахассислардан иборат жамоа шу кунларда Қашқадарё вилоятининг Косон туманида тупроқ сифатини баҳолаш ишларини бажаришмоқда.
Ҳудуднинг жами суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида дала тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Муассаса мутахассислари томонидан дала ишларини бажариш билан бир қаторда, фермер хўжаликлари ва ердан фойдаланувчиларга суғориладиган ер майдонлари тупроқларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланиш жараёнининг олдини олиш ҳамда тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича маълумот ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, туманда асосан оч тусли бўз, бўз-ўтлоқи ва ўтлоқи-бўз тупроқлар, шунингдек, тақир, тақир-ўтлоқи ва ўтлоқи-тақир тупроқлар мавжуд.
Дала тадқиқот ишлари давом этмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА