Инсон қадри – саломатликда
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бугун ҳар бир ҳудудда, ҳар бир шифохона фаолиятида ўз ифодасини топмоқда. Бу борада Миллий тиббиёт маркази нафақат пойтахтда, балки бутун республика миқёсида юқори технологияли тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш борасида етакчилик қилаётир. Марказ томонидан 2026 йилнинг ўтган даври давомида эришилган натижалар соҳадаги сифат кўрсаткичлари янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
Жорий йилнинг ўтган даври сарҳисобига кўра, марказда 2 904 та юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди. Эътиборли жиҳати, ҳар бир операция халқаро стандартларга мувофиқ, энг замонавий тиббий ускуналар ёрдамида, юқори аниқлик ва хавфсизлик талаблари асосида амалга оширилди. Бу кўрсаткич нафақат миқдор, балки юзлаб инсонлар ҳаётининг сақлаб қолиниши ва саломатлиги тикланиши демакдир.
Марказ мутахассислари томонидан тиббиёт амалиётида кам учрайдиган ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди. Хусусан, туғма аномалия — қўл бармоқлари сони меъёрдан ортиқ (8 та) бўлган беморда ўтказилган мураккаб пластик жарроҳлик муваффақиятли якунланиб, қўлнинг анатомик ва эстетик ҳолати тикланди.
Шунингдек, қонни чуқур тозалашда инқилобий қадам бўлган “Гемофеникс” мембранали плазмаферез аппарати ишга туширилди. Бу технология аутоиммун, аллергик ва токсик ҳолатларни даволашда мутлақо янги имкониятларни очди. Аритмология йўналишида эса замонавий ЭКС (электрокардиостимулятор) ўрнатиш амалиётлари тизимли равишда бажарилди.
Тиббий хизматларни "маҳаллабай" тамойили асосида ташкил этиш мақсадида марказ мутахассислари доимий равишда ҳудудларда бўлиб келмоқда. Пскент туманида кўз касалликлари бўйича ўтказилган кенг қамровли кўриклар аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш имконини берди.
Ҳудудий филиаллар билан ҳамкорликнинг энг олий нуқтаси сифатида Бухоро вилоятида амалга оширилган жигар трансплантациясини қайд этиш лозим. Тиббиёт фанлари доктори Жасур Собиров бошчилигидаги жамоа 10 соат давом этган мураккаб амалиётни маҳаллий шифокорлар билан биргаликда муваффақиятли бажарди. Бу каби тадбирлар аҳолининг оворагарчилигини камайтириб, юқори технологик ёрдамни чекка ҳудудларгача кириб боришини таъминламоқда.
Марказ нафақат даволаш, балки йирик илмий маскан сифатида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлаб олмоқда. Жорий йилда маслаҳат поликлиника бўлими раҳбари Элёр Ризаев профессор илмий унвонига, гинеколог Наргиза Шокирова эса PhD илмий даражасига сазовор бўлди. Бу илмий салоҳият амалиёт билан чамбарчас боғланиб, аёллар саломатлиги ва репродуктив тизимини ҳимоя қилишда янги усулларни жорий этишга хизмат қилди.
Шу билан бирга, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ташкил этилган ўқув-семинари орқали жойлардаги кардиожарроҳ ва аритмологларнинг малакаси оширилиб, иштирокчиларга 72 соатлик халқаро андозадаги сертификатлар топширилди.
Буларнинг барчаси инсон ҳаёти учун кураш ва илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг ёрқин намунаси бўлди. Профессор Аъзам Бобожонов бошчилигида жигар циррози билан оғриган беморларнинг ҳаётга қайтарилиши, ҳудудлардаги мураккаб трансплантациялар ва инновацион технологик янгиланишларнинг барчаси ягона мақсадга — юртдошларимизнинг сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат олишларига қаратилгандир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА