Туман ҳокимлари битирувчи талабаларнинг келгуси ҳаёти билан қизиқмоқда
Шўрчи тумани ҳокими Акбарали Ишмурзоев Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида бўлиб, шўрчилик битирувчилар билан учрашди.Сурхондарё вилоятидаги туман ҳокимлари воҳадаги олий таълим муассасалари битирувчилари билан учрашиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, ғоя ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида очиқ мулоқот ўтказмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги олтита олий таълим муассасасини 11 минг 360 дан ортиқ талаба тугатиб, ўзлари танлаган йўналишларда меҳнат қилиш учун илк қадам ташлайди. Битирувчиларнинг 904 нафари Шўрчи туманида камолга етган йигит-қизлардир. Уларнинг 256 нафари Денов тадбиркорлик ва педагогика институтини тугатмоқда.

Очиқ мулоқотда туман ҳокими шўрчилик бўлғуси ёш мутахассисларнинг келажакдаги режалари билан қизиқди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, ўз мутахассислиги бўйича меҳнат қилиши учун яратилаётган шароитлар ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Олий таълим муассасасида олган билим ва салоҳиятини юрт тараққиёти, Ватан равнақи учун сарфлаш, ҳамиша ўз устида ишлаб, изланиш юзасидан тавсияларини билдирди. Талаба-ёшларнинг таклиф ва муаммоларини тинглаб, улар ўртага ташлаган масалаларни ечиш йўлларини излади.
Учрашув доирасида Акбарали Ишмурзоев олий таълим даргоҳида талабаларнинг ўқиб, изланиши, ўз истеъдодини намойиш этиши ва етук мутахассислар бўлиб улғайиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Маълумотларга кўра, жорий йил олий таълим муассасасида 8 мингдан ортиқ талаба 33 та бакалавриат йўналиши ва 17 та магистратура мутахассислигида таълим олмоқда. Шу йил икки минг 25 нафар йигит-қиз бу даргоҳни тугатиб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлашга йўлланма олади. Ҳозиргача 1 минг 200 га яқин битирувчининг иш жойи аниқ бўлган. Улар олий таълим муассасасини тугатиши билан ўзлари танлаган соҳаларда меҳнат қила бошлайди. 210 нафар битирувчи ўзини-ўзи иш билан банд қилган. Институтда яқинда бўлиб ўтган “Карьера куни” бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида Денов, Узун, Олтинсой, Сариосиё, Қумқўрғон туманларидаги таълим муассасалари ва бошқа ташкилот, корхоналар иш берувчилари билан 170 дан ортиқ битирувчи ишга жойлашиш тўғрисида шартнома тузган эди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА