Оддий устахонадан замонавий ишлаб чиқариш корхонасигача
ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Муродбек Танирбергеновнинг меҳнат фаолияти оддий устахонадан бошланиб, бугунги кунда замонавий ишлаб чиқариш корхонасига айлангани эътиборга молик.
У илк тадбиркорлик фаолиятини ўз уйида мебель таъмирлаш ишлари билан бошлаган. Кейинчалик “Ҳунармандлар” уюшмасига аъзо бўлиб, фаолиятини янада кенгайтирди. Дастлаб уй жиҳозларини реставрация қилиш, шунингдек, шкаф, диван ва бошқа турдаги маиший мебеллар тайёрлашга ихтисослашди.
2005–2009 йилларда якка тадбиркор сифатида иш юритган Муродбек Танирбергенов 2 миллион сўмлик кредит маблағлари ҳисобидан ўз фаолиятини кенгайтиришга эришди. 2009 йилда эса корхона кичик хусусий корхона сифатида қайта ташкил этилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот турлари сезиларли даражада ошди.
2013 йилдан буён корхона “Муродбек мебель” масъулияти чекланган жамияти сифатида фаолият юритиб келмоқда. Тадбиркор ишлаб чиқаришни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Туркия, Германия ва Италиядан замонавий ускуналар олиб келиниб, юқори сифатли ҳамда замонавий дизайндаги мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Корхона молиявий барқарорликни таъминлаш йўлида ҳам изчил ривожланмоқда. Жумладан, турли йилларда банк кредитлари жалб қилиниб, ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди. 2025–2026 йилларда 142 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит ҳисобидан янги ускуналар ва хомашёлар харид қилинди. Айниқса, Германияда ишлаб чиқарилган замонавий мебель станогининг олиб келиниши иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Корхона фаолияти нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам аҳамиятлидир. У турли йилларда “Ташаббус” кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида юқори натижаларни қайд этган.
[gallery-28701]
Бугунги кунда корхона йилига ўртача 4–5 миллиард сўмлик айланмага эга бўлиб, 30 дан ортиқ ишчи-ходимни доимий иш билан таъминлаган.
Келгусида корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва замонавий мебеллар турини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА