Трамп: Пекин ва Москва Эронга ёрдам бераётганига ишонмайман!
“Reuters” ёзишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой ва Россия Эронга ёрдам бераётганига умуман ишонмаслигини таъкидлаб, Москва ва Пекин Теҳронни қўллаб-қувватласа, жуда кўп нарсани бой беришини айтди.
У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ўз мухолифлари ва танқидчиларининг ХХР ва РФ Теҳронга кўмаклашаётгани ҳақидаги фикрларидан хабардорлигини ўзига хос маънода билдирди:
– Берилаётган бўлса ҳам, бу ёрдам жуда арзимас даражада бўлиши мумкин, аммо Вашингтон бундай ҳаракатдан жуда тез хабар топган бўлар эди...
Америка етакчиси аввал ҳам Хитой ва Россия раҳбарлари ушбу можарода бетараф эканини айтган. Аслида Пекин ва Москва Ислом Республикаси билан яқин алоқаларни сақлаб келяпти. Ўтган ой АҚШ раҳбари Си Цзиньпинни Эронга ёрдам бермасликка чақириб, Пекиндан шу мазмунда кафолат олган. Бинобарин, оммавий ахборот воситаларида Хитой Эронга кўчма ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими етказиб бергани, нефть санкциясини четлаб ўтишга кўмаклашгани ҳақида хабарлар тарқалган. Трамп бундай маълумотларни инкор этиб келмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА