Туркия Республикасига 103 йил: Анқарада байрам ва туркий дунё мулоқоти
Туркияда Республика эълон қилинганининг 103 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу кунларда Анқара нафақат ушбу тарихий сана муносабати билан ўтказилаётган тантаналар, балки Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити билан ҳам халқаро эътибор марказида турибди.
1923 йил 29 октябрь куни Туркия Буюк Миллат Мажлиси республика бошқарув шаклини эълон қилган эди. Ўшанда Мустафо Камол Отатурк мамлакатнинг биринчи Президенти этиб сайланди ва шу тариқа замонавий Туркия Республикасига асос солинди. Шундан буён ҳар йили мазкур сана Республика куни сифатида кенг нишонланади.
Байрам муносабати билан пойтахт Анқарадаги Аниткабир мақбарасида расмий маросим бўлиб ўтди. Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигидаги давлат раҳбарияти вакиллари республика асосчиси Мустафо Камол Отатурк хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Мамлакат бўйлаб ҳарбий парад, концерт ва бошқа маданий тадбирлар ташкил этилди. Шаҳарлар давлат байроқлари билан безатилиб, тадбирларда аҳоли, меҳмонлар иштирок этди.

Айни пайт Анқара ТДТ 13-саммитига ҳам мезбонлик қилмоқда. “Туркий аср: тилда, фикрда ва амалда бирлик” шиори остида ўтган учрашувда аъзо давлатлар раҳбарлари туркий дунё ҳамкорлиги истиқболини муҳокама қилди. Кун тартибидан савдо-иқтисодий алоқа, инвестиция, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар шериклик масалалари ўрин олди.

Анқарада икки муҳим воқеа бир вақтда ўтказилиши ўзига хос рамзий мазмун касб этди. Яъни, Туркия ўз давлатчилиги тарихидаги муҳим санани нишонлади. Қолаверса, туркий давлатлар муштарак манфаат, умумий келажак йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Анқара, Туркия