Тошқинларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда
Баҳор ва ёз ойларида сел ва сув тошқинлари тез-тез қайд этиладиган ҳудудлар сирасига Андижон вилояти ҳам киради. Шу боис, вилоятда сел келиши, сув тошқини билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган табиий офатларнинг олдини олиш, оқибатларини енгиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, вилоятининг Оқбўйрасой, Аравонсой, Тентаксой, Майлисой ҳудудларида жойлашган кичик дарё ва сойларда сув сарфининг кутилмаганда ортиши аҳоли яшаш пунктлари, қишлоқ хўжалиги ерлари ва инфратузилма объектларига хавф туғдиради.

Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятда сел-тошқин хавфини камайтириш бўйича кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, адирлик ҳудудларда барпо этилган селнинг олдини олишга мўлжалланган махсус масканлар ёмғир сувларини ушлаб қолишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зовурларни тозалаш, уларнинг сув ўтказиш қувватини сақлаб қолиш ҳамда атрофида ноқонуний қурилишларга қарши зарур ишлар олиб борилмоқда.

Сел ва сув тошқинларининг олдини олиш бўйича тегишли ҳужжат ва топшириқларга асосан, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан аҳолини эрта огоҳлантириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда фавқулодда ҳолатларга тайёргарликни кучайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сел ва тошқин хавфи юқори бўлган ҳудудлар аниқланиб, табиий дарё ва сойлар кесимида хавф хариталари шакллантирилди. Уларда сув сарфлари бўйича соатлик мониторинглар ташкил қилиниб, ҳолат доимий кузатувга олинди.

Айни пайтда Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида доимий навбатчилик ташкил этилган бўлиб, қуйи тизим ташкилотлари ҳамда туманларда ҳам махсус навбатчилик ишлаб чиқилиб, ана шу асосда иш олиб борилмоқда. Масъул мутахассислар кечаю кундуз дарё ва сойлардаги сув сарфи кузатилиб, жиддий ҳолатларда тегишли ташкилотлар зудлик билан хабардор қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.

– Тоғ ва тоғолди ҳудудларида ёғингарчиликнинг ортиши ҳамда Қирғизистон Республикасидан келувчи сойларда сув сарфининг кескин кўпайиши эҳтимоли юқори бўлади, – дейди Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Иқболжон Тоҳиров. – Шу боис, барча гидротехник иншоотлар, селхоналар ва ирригация тармоқлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Навбатчилик тизими кучайтирилиб, техника ва механизмлар шай ҳолатга келтирилди. Асосий мақсад, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва тошқинларнинг салбий оқибатларини олдини олишдир. Жумладан, Олтинкўл туманидаги Мазгилсой каналининг турли ҳудудларидаги сув тақсимлаш иншоотларида реконструкция ҳамда уларнинг бошқарув тизимини автоматлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Олтинкўл туманидаги Асака ташламасининг маълум қисмида ҳимоя дамбаларини мустаҳкамлаш, гидротехник иншоотни реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Асака тумани Қадим маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ҳақиқат” канали остидан ўтган дюкерни реконструкция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сел-тошқин хавфининг олдини олиш фақатгина тегишли ташкилотлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятини талаб қилади. Сел йўллари ва коллектор-дренаж тармоқларига чиқинди ташламаслик, сел масканлари атрофида ноқонуний қурилиш қилмаслик муҳим аҳамият касб этади.
Табиий офатларнинг олдини олишда огоҳлик, тизимли тайёргарлик ва ҳамжиҳатлик энг муҳим омил ҳисобланади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.