Мудофаа ишлари бўлими замонавий бинода
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий армияни ҳар томонлама ривожлантириш, мудофаа тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Бухоро тумани Мудофаа ишлари бўлимининг мукаммал таъмирдан чиқарилган янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида бинонинг ички ва ташқи қиёфаси бутунлай янгиланиб, замонавий архитектура ва муҳандислик талабларига мос ҳолатга келтирилди. Хизмат хоналари кенг, ёруғ ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Электр таъминоти, иситиш ва совитиш тизимлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўлиқ янгиланиб, ходимлар ҳамда мурожаат қилувчи фуқаролар учун барча қулайлик яратилди.

Ушбу лойиҳа нафақат бинога янги қиёфа бахш этди, балки давлат муассасасининг моддий-техник имкониятларини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Бу эса хизмат вазифаларини янада самарали ташкил этиш, чақирув ёшидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналарига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлашга хизмат қилади.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сардор Бунёдкор Плюс” масъулияти чекланган жамияти томонидан сифатли бажарилди. Лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан қарийб 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу маблағ мамлакатимизда мудофаа соҳасини замонавийлаштириш ва унинг инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилаётган доимий эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Бинонинг очилиш маросимида иштирок этган масъуллар яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бажарилган ишлар сифатига юқори баҳо бердилар. Таъкидланганидек, янги маъмурий бинода хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун барча зарур имконият яратилган бўлиб, бу ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш, аҳолига кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштириш ва фуқаролар мурожаатларини тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири