Тошкентдан уй сотиб олиш: инвестиция имкониятими ёки молиявий хавф?
Сўнгги йилларда Тошкент кўчмас мулк бозори мамлакат иқтисодиётининг энг фаол ва энг кўп муҳокама қилинаётган сегментларидан бирига айланди. Уй-жой нархларининг тез ўзгариши, ипотека дастурларининг кенгайиши ҳамда аҳоли даромадларининг ўсиши бу соҳадаги қизиқишни янада кучайтирмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, уй-жой бозорида бир вақтнинг ўзида икки тенденция кузатилмоқда: бир томондан даромадлар ва иқтисодий фаоллик ўсмоқда, иккинчи томондан эса нархлар юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу эса аҳоли учун уй сотиб олиш масаласини нафақат ижтимоий, балки муҳим молиявий қарорга айлантирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ҳозирги шароитда Тошкентдан уй сотиб олиш ҳақиқатан ҳам барқарор инвестиция имкониятими ёки молиявий таваккал — бу савол кўпчиликни қизиқтирмоқда. Марказий банк манбалари асосида ушбу масалани атрофлича таҳлил қиламиз.
Тошкент кўчмас мулк бозори сўнгги йилларда мураккаб, аммо барқарорлашувга йўналган тенденцияни намоён этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, даромадлар ўсиши, ипотека дастурлари ва бозордаги талаб уй-жой сегментини иқтисодиётнинг энг фаол йўналишларидан бирига айлантирмоқда.
Марказий банк ҳисоботларига кўра, 2025 йилда аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи 19 фоизга, аҳоли жон бошига даромадлар эса 16,6 фоизга ошган. Бу ҳолат аҳоли харид қобилиятини мустаҳкамлаган.
Тошкент шаҳрида уй-жой бозори кўрсаткичлари ҳам сезиларли ўзгарган.
Тошкент кўчмас мулк бозорида ўртача йиллик даромадлилик 14,6 фоизни ташкил этмоқда. Шу даврда инфляция тахминан 7 фоиз даражасида бўлган. Бу кўрсаткич реал даромад мавжудлигини англатса-да, бозор сегментларида фарқ катта. Марказий ҳудудларда даромад юқорироқ, Юнусобод ва Чилонзорда 2 хонали уйлар бўйича даромад 20–25 фоизгача етиши мумкин. Баъзи ҳолатларда эса кескин пасайишлар ҳам кузатилади.
Иқтисодчилар Тошкентда уй-жойга бўлган талабнинг ошишини қуйидаги омиллар билан боғлайди. Аҳоли сонининг барқарор ўсиши, ички миграция, янги иш ўринлари яратилиши, инфратузилманинг ривожланиши пойтахтимизда уй-жойга бўлган талабни оширади. Чекланган ер майдони ва марказий ҳудудлардаги юқори жозибадорлик нархларнинг узоқ муддатли ўсишини қўллаб-қувватламоқда.
Маълумки, Марказий банк инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизгача пасайтиришни мақсад қилган. Бу кредит бозорига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ иқтисодчилар таъкидлашича, юқори фоизли тижорат ипотека кредитлари (24–25 фоиз) кўп ҳолларда молиявий юкни оширади.
Тошкент кўчмас мулк бозори барқарорлашув босқичида эканини кўрсатмоқда. Даромадлар ўсиши ва ипотека имкониятлари бу соҳани инвестиция учун жозибадор қилмоқда. Бироқ, бозордаги юқори тебранишлар, локация фарқлари ва кредит юкламаси уй сотиб олишни ҳар доим ҳам “кафолатли даромад”га айлантирмайди. Шу боис, мутахассислар уй-жой харидида эҳтиёткорлик, аниқ молиявий ҳисоб-китоб ва инвестицияларни диверсификация қилиш тамойилига амал қилишни тавсия этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА