Тошкентда халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети томонидан V Тошкент бизнес ва иқтисодиёт конференцияси ўтказилди.
“Ипак йўлини қайта талқин қилиш: минтақавий алоқалар ва савдо интеграцияси” мавзусидаги анжуманда Марказий Осиёнинг халқаро савдодаги ўрни, транспорт ва логистика тармоқларини ривожлантириш ҳамда иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирда 200 нафар иштирокчи, жумладан, 40 га яқин давлатдан 70 дан ортиқ хорижий вакил қатнашди. Маҳаллий ва хорижий компаниялар ҳамда брендлар вакиллари ўз корхоналари фаолияти, тажрибаси ва бизнесни ривожлантириш имкониятлари ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, университет талабаларини маҳаллий ва хорижий корхоналарда амалиёт ўташга жалб қилиш, ўзини кўрсатган ёшларни кейинчалик ишга қабул қилиш имконияти ҳам муҳокама қилинди.
Конференция доирасида “Нобарқарорлик шароитида барқарор меҳмондўстлик ва логистика” мавзусида бизнес-форум ҳам ўтказилди. Унда иқтисодий беқарорлик шароитида бизнес барқарорлигини таъминлаш ва соҳани ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
Ойбек ДАВРОНОВ (видео),
ЎзА