Маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов АҚШнинг MACGA LLC компанияси вакили Стеве Бернстейн билан учрашиб, вилоят тўқимачилик саноатини халқаро бозорлар билан янада чуқур интеграция қилиш, маҳаллий корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва Америка бозорига юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар етказиб бериш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистонда пахтани хомашё сифатида экспорт қилишдан кўра, уни мамлакатнинг ўзида чуқур қайта ишлаб, рақобатбардош тайёр маҳсулотга айлантиришга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳангдир. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган хомашёни атрофлича қайта ишлаш, саноатда қўшилган қиймат занжирини яратиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар айнан шундай ҳамкорлик лойиҳаларида амалий ифодасини топмоқда.
Компания ташаббуси доирасида АҚШ да етиштирилган пахтани Ўзбекистонда қайта ишлаш, ип-калава, трикотаж ва тўқима матолар, уй тўқимачилиги ҳамда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш ва уларни Америка бозорига етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Бу жараённинг аҳамияти шундаки, ҳамкорлик оддий маҳсулот сотувидан кўра кенгроқ — АҚШ пахта етказиб берувчилари, харидорлари ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларини ягона кооперация занжирига бирлаштиришни назарда тутади. Бу эса маҳаллий корхоналар учун барқарор буюртмалар, янги экспорт каналлари ва халқаро талабларга мос ишлаб чиқариш маданиятини шакллантириши мумкин.

Учрашувда Бухородаги тўқимачилик корхоналарининг мавжуд қувватларидан самарали фойдаланиш, янги буюртмалар жалб этиш, маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мослаштириш ва аниқ харидорлар билан тўғридан-тўғри ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, 2026 йилнинг октябрь ойида Global Textile корхоналар гуруҳи ва MACGA LLC ўртасида 35 миллион долларлик ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши мазкур ҳамкорликнинг амалий кўлами ортиб бораётганидан далолат беради.
Бухоро учун бу — нафақат янги экспорт бозори, балки пахтадан тайёр маҳсулотгача бўлган қиймат занжирини вилоятнинг ўзида шакллантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш имкониятидир. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик Президент ташаббуслари асосида Ўзбекистон тўқимачилик саноатини хомашё етказиб берувчидан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган тармоққа айлантириш мақсадига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири