Тошкентда робот-курьерлар фаолияти йўлга қўйилади
2026 йил якунига қадар пойтахт аҳолиси автоном робот-курьерлар орқали маҳсулотлар, тайёр таомлар ва товарларга буюртма бериш имкониятига эга бўлади. Yandex Uzbekistan компанияси Yandex Lavka хизмати учун ана шундай лойиҳани тайёрламоқда.
Ҳозирда компания роботлаштирилган қурилмаларни синовдан ўтказиб, уларнинг шаҳар муҳитидаги самарадорлигини текширмоқда.
Биринчи босқичда робот етказиб берувчиларни икки километргача бўлган йўналишларда ишга тушириш режалаштирилган. Асосий талаб — буюртмани белгиланган муддатда етказиб беришдан иборат. Фойдаланувчилар роботнинг келиш вақтини буюртмани расмийлаштириш жараёнида илова орқали кузатишлари мумкин.
Роботлар ўртача пиёда тезлигида ҳаракатланади ҳамда йўналишни лидар тизими ва ультратовуш датчиклари орқали аниқлайди. Ҳисоблаш тизими тўпланган маълумотлар асосида атроф-муҳитни таҳлил қилади, светофор сигналларини аниқлайди ва яқиндаги объектлар ҳаракатини прогноз қилади. Булар орқали робот мустақил равишда йўналишни белгилаб, тўсиқларни айланиб ўтиши ва пиёдалар йўлагидан ҳаракатланиши мумкин.
Шу билан бирга, компания тизим фаолиятида инсон иштирокини бутунлай чекламайди. Роботлар аксарият стандарт йўлларда мустақил ҳаракатланса-да, фавқулодда вазиятлар юзага келганда масофавий оператор жараёнга уланади. Йўловчилар билан мулоқот қилиш ва юзага келган масалаларни ҳал этиш учун ҳар бир қурилма корпусига QR-код жойлаштирилган бўлиб, у орқали қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиш мумкин. Компания, шунингдек, роботларни қўлда кўтармаслик ёки бошқа жойга кўчирмаслик лозимлигини алоҳида таъкидлайди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА