Автоҳаваскорларга муносиб туҳфа
Яқинда ўттиз беш йиллиги нишонланадиган Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий спорт турларини ривожлантириш ҳамда малакали ҳайдовчилар тайёрлаш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги ўқув спорт техника марказида фойдаланишга топширилган замонавий автодром ва янги техникалар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров, Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов ва бошқалар мамлакатимизда оммавий касб ходимларини етиштириш ва қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида ташкилот тизимига 18 та янги автотранспорт воситаси қабул қилинди. Уларнинг 12 таси “Onix”, тўрттаси “Kia Sonet” ва иккитаси “Faw” русумли юк автомобилларидир.
[gallery-32340]
– Ташкилот тизимида 40 йилга яқин фаолият юритдим. Раҳбарлик вазифаларида ҳам ишладик. Туманимизда ўқув-спорт техника клубига асос солинишида ҳисса қўшдик. Эътироф этиш керакки, бугунги ташкилотимизни кечагиси билан асло солиштириш бўлмайди, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти фахрийси, 77 ёшли Муҳаммаджон Тўрабоев. – Собиқ “Досааф” пайтида машиналарни олиб келиш, маблағ топишда қийинчиликлар бўлар, ёнилғиларда етишмовчиликлар кузатиларди. Сўнгги йилларда “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятида сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Бу оммавий касб ходимлари тайёрлашга бўлган талаб тобора ошиб бораётган бир кезда муҳим. Мана, замонавий автодром ва мураббийларга топширилган замонавий машиналарга қаранг, илгари пайтлар биз уларни фақатгина орзу қилганмиз.
Тўрақўрғон тумани ўқув спорт техника марказида 40 нафар ўргатувчи-уста мураббий фаолият юритиб, уларнинг олти нафари хотин-қизлардан иборат. Тўрт йиллик иш стажига эга бўлган Муаззам Назарованинг айтишича, ҳозиргача улар амалий машғулотларни ўтказиш учун қўшни Чуст туманига боришар, бу эса бир қатор қийинчиликларни юзага келтирарди. Янги ўқув-машқ майдони эса ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчилар учун муносиб туҳфа бўлди.
Янги автодром ва транспорт воситаларининг ишга туширилиши ёшларнинг ҳайдовчилик маҳоратини ошириш, амалий машғулотлар сифатини яхшилаш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда ташкилотнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА