Тошкентда пулли парковка: тизим қандай ишлайди, кимларга имтиёз, кимга жазо бор?
Пойтахт марказида автомобиллар сони ортиб, тўхтаб туриш (парковка) жойларига талаб кескин кучайди.
Авваллари айрим марказий кўчаларда тўхташни, тўхтаб туришни тақиқловчи белгилар ёки сариқ чизиқлар тўхташни тақиқлаган бўлса, бугун махсус ажратилган ҳудудларда пулли парковкалар пайдо бўлмоқда.
Пулли парковка дунё мегаполислари учун янгилик эмас. Лондон, Париж, Нью-Йорк, Дубай каби шаҳарларда йўл четидаги парковка транспорт ҳаракатини бошқариш тизимининг бир қисми ҳисобланади.
Бундай механизмнинг вазифаси фақат пул йиғиш эмас, балки чекланган парковка жойларидан самарали фойдаланиш, автомобилнинг бир жойда узоқ вақт туриб қолишини камайтириш ва жойлар айланмасини таъминлашдан иборат.
Қолаверса, йўллар четида машиналар қаторлашиб кетгани боис юзага келадиган тирбандликларнинг олди олинади, чунки пулли парковкада турган машиналар орқасига ёки ён томонига ҳеч машина қўйиб кетиш мумкин эмас.
Пойтахтимиз Тошкентда пайдо бўлган йўллар четларидаги парковкалар – «Poytaxt parking» тизими жорий этилди. Тизимнинг мақсади – автомобилларни тартибли парковка билан қамраб олишга қаратилган.
Чунки шу пайтгача тартибсиз равишда қолдириб кетилган, қатнов қисми, пиёдалар йўлаги, ҳатто яшил зоналарга қўйилган машиналардан аҳоли азият чекиб келди. Айниқса, йўллар четига 2-3 қатор қилиб, тартибсиз қўйилган машиналар тирбандиликларга ҳам сабаб бўлаётган эди.

«Poytaxt parking» қандай тизим?
«Poytaxt Parking» – пойтахтдаги йўл четидаги пулли парковкаларни ягона тизим асосида ташкил этиш ва бошқаришга қаратилган лойиҳа.
Шу ўринда компания қачон ташкил этилганига тўхталиб ўтсак. «Poytaxt Parking» лойиҳаси – «STREETPARK SYSTEMS» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлиб, компания 2024 йил декабрь ойида аукцион ғолиби бўлган. Лойиҳа эса 2025 йил май ойида ишга туширилган.
Лойиҳага 88 миллиард сўм, яъни қарийб 7,4 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилган. Маблағлар тўхташ зоналарини жиҳозлаш (йўл чизиқлари, йўл белгилари, ободонлаштириш), тўлов инфратузилмасини яратиш, мобил иловани ишлаб чиқиш ҳамда инспекторлик хизматини йўлга қўйишга йўналтирилган.
Тизим жорий этилиши билан парковкадан фойдаланиш, тўлов, имтиёзлар ва назоратни рақамлаштиришга қаратилган механизмлар пайдо бўлди.
Аммо ҳар қандай янги тизим каби бу лойиҳа ҳам жамоатчиликда саволлар пайдо қилди: парковка учун қачон ва қанча тўланади, кимларга имтиёз бор, тўлов қилинмаса нима бўлади ва автоматлаштирилган назорат қандай ишлайди? Бу каби саволларга мутасаддилардан олинган жавоблар асосида қуйида жавоб мавжуд.
Айтиб ўтиш керакки, йўл четидаги парковкалар учун тўлов миқдори белгиланган зоналарга боғлиқ. Зоналар эса кўчаларнинг жойлашуви ва марказга яқинлиги билан белгиланади. Ҳозирги пайтда тарифлар қуйидагича: 1-зона – соатига 12 минг сўм, 2-зона – 10 минг сўм, 3-зона – 8 минг сўм, 4-зона – 6 минг сўм, 5-зона – 5 минг сўм.
Автомобилда кўп ҳаракатланадиганлар учун
абонемент борми?
Пойтахтда тез-тез ҳаракатланадиган ҳайдовчилар учун абонементлар ҳам таклиф этилган. Улар орасида «Енгил», «Фаол», «Доимий» ва «Лимитсиз» каби тарифлар бор.
«Енгил» тарифи учун ойига 59 минг сўм, «Фаол» тарифи учун ойига 99 минг сўм, «Доимий» тарифи учун ойига 199 минг сўм, «Лимитсиз» тарифи учун ойига 1,2 миллион сўм тўлаш талаб қилинади.
Резидентлик рухсатномаси кимларга берилади?
Пулли парковка зонасида яшайдиган аҳоли учун резидентлик рухсатномаси жорий этилган. Ушбу рухсатнома уйи атрофидаги пулли парковка жойларидан фойдаланишда резидентларга алоҳида имконият беради.
Резидентлик рухсатномасини расмийлаштириш учун my.gov.uz порталида алоҳида давлат хизмати мавжуд. Ҳозирги расмий маълумотга кўра, хизмат бепул, рухсатнома бир йил амал қилади ва бир хонадон манзилига иккитагача рухсатнома берилади.
Айтиб ўтиш керакки, резидентлик рухсатномаси тунги вақтда, яъни соат 20:00 дан эрталабки 08:00 гача бепул амал қилади. Агар сиз автомобилни кундузи ҳам (соат 08:00 дан 20:00 гача) мазкур жойларда имтиёзли қўйишни истасангиз, йиллик 1 БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори – ҳозирда 412 минг сўм) миқдорида тўловни амалга оширишингиз керак. Бу тўлов амалга оширилгандан сўнг рухсатнома куннинг исталган вақтида (24/24) бепул тўхтаб туриш ҳуқуқини беради.

Парковка учун тўлов қандай амалга оширилмоқда
ёки тўламаса нима бўлади?
Йўл четидаги парковкага автомобиль қўйилганидан кейин «Poytaxt parking» назоратчилари уни белгиланган тартибда расмийлаштиради ва машина эгасининг телефон рақамига пулли парковка учун тўлов қилиш кераклиги ҳақида хабарнома юборади.
Маълумотларга кўра, пулли парковкалардан кунига ўртача 15 минг нафар ҳайдовчи фойдаланса-да, уларнинг атиги 2 - 3 фоизи, яъни 300 - 450 нафари хизмат ҳақини тўламоқда.
Бугунги кунда ҳайдовчи тўловни амалга оширмаса, ҳеч қандай чора кўрилмаяпди. Фақат тўланмаган вақт қайд этилиб, иловада қарздорлик сифатида акс этади, бироқ уни ундириб олишнинг имкони йўқ.
Шу сабабли, йўл бўйидаги парковкалар учун тўлов қилмаганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласи ҳам кун тартибига чиқди. Бу масалада қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унда парковкага тўлов қилмаганлик учун жарима қўллаш тартиби назарда тутилмоқда.
Албатта, машина қўйишга жой топа олмай сарсон бўлгандан кўра, уни қулай жойга қўйиб, бунинг учун озгина ҳақ тўлаш маъқулроқ. Парковкадан фойдалангани учун пул тўлаш ҳайдовчининг маданиятига, халқчил тилда айтганда, инсофига боғлиқ.
Автомобиль парковкада турса, унинг
хавфсизлиги кимнинг зиммасида бўлади?
Йўл чети пулли парковкаси – қўриқланадиган автотураргоҳ эмас. Унда қолдирилган автомобиль автоматик равишда операторнинг қўриқловига қабул қилинган ҳисобланмайди. Шунинг учун автомобиль тирналса, шикастланса ёки бошқа транспорт воситаси билан тўқнашув содир бўлса, зарарни қоплаш масаласи алоҳида тартибда ҳал этилади.
Бундай вазиятда ҳодисани фото ва видео орқали қайд этиш, зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш, мавжуд камера ёзувларини аниқлаш ва суғурта компаниясига хабар бериш муҳим.
Зарарни ким қоплаши эса ҳодисанинг қандай расмийлаштирилгани, ким айбдор деб топилгани ва суғурта шартларига боғлиқ.
Парковкадан фойдаланишда имтиёз борми, йўл бўйида
жойлашган ташкилотлар учун-чи?
Бепул тўхташ жойлари фақат шаҳар ҳокими қарори билан белгиланган тоифалар: тезкор хизматлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун кўзда тутилган.
«Poytaxt Parking» маълумотига кўра, йўл бўйидаги тўхташ жойлари умумий фойдаланиш объекти бўлгани учун барча ҳайдовчилар учун шартлар бир хил. Бу – ташкилотлар учун алоҳида имтиёзлар мавжуд эмас, жойларни аниқ бир компанияга бириктириб қўйиш мумкин эмас, деганидир.
Ташкилотларга қулайлик яратиш мақсадида корпоратив кабинет ишлаб чиқилган. Ҳар қандай юридик шахс ўз ходимларини тизимга улаб, ортиқча ҳисоб-китоб ва ҳисоботларсиз, умумий тарифлар бўйича тўхташ ҳақини марказлаштирилган тарзда тўлаши мумкин.
Тизимда қандай муаммолар мавжуд?
Асосий муаммо – тўловнинг муқаррар эмаслигидир. Ҳайдовчилар йиллар давомида автомобилини йўллар четига қолдириб, бунинг учун пул тўламасликка ўрганиб қолган.
Бундан ташқари, тўғридан-тўғри қоидабузарликлар ҳам учраб туради: дўконлар олдидаги жойлар конуслар ва тўсиқлар билан «банд қилиб олинади», давлат рақамлари тўсиб қўйилади ёки ўқилмайдиган ҳолга келтирилади. Кўпинча машиналар чизиқлардан ташқарига, хавфсизлик оролчаларига қўйилади.
Шу билан бирга, вандализм ҳолатлари ҳам кузатилмоқда: одамлар йўл белгиларини бузгани, тўхташ тошларини силжитгани, синдиргани, яшил ҳудудларга эътиборсиз муносабатда бўлиб, ахлат ташлагани кузатилмоқда.
Агар парковкалардан фойдаланаётган ҳайдовчилар ўз вақтида белгиланган пулни тўлаб борса, бу маблағ парковкаларни янада қулайлаштириш, пиёдалар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган бўлар эди.
Албатта, юқоридаги «Parking» билан боғлиқ барча маълумотлар тизимнинг мақсадини очиб бериш мақсадида лойиҳа мутасаддилари фикрларига асосланилган.
P.S: Шу ўринда бу лойиҳага нисбатан аҳолининг фикр-мулоҳазалари ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. «Poytaxt Parking» парковкалари кўпчилик учун қулайлик яратиши билан бирга айрим тор кўчаларда ҳам парковка чизиқлари пайдо бўлгани ноқулайлик туғдираётганини масъуллар эътиборга олса яхши бўлар эди.
Йўл бўйида жойлашган ташкилотлар биноларининг кириш қисми олдида парковка чизиқлари мавжудлиги ҳам айрим ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Ходимлар ўз иш жойларига бемалол кириб-чиқиши ёки автомобилдан тушиб қолиши учун жой қолдирилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шифохоналар, поликлиникалар каби ижтимоий аҳамиятга эга объектлар ҳақида ҳам шу фикрни билдириш мумкин.
Умуман, пойтахтда тартиб ўрнатишга қаратилган лойиҳанинг ҳар томонлама мукаммал ва қулай бўлиши учун мутахассислар яна бир бор бош қотириши керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА